Жаҳон | 15:14 / 09.11.2025
6887
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Венесуэлада ҳарбий ҳаракатларнинг учта вариантини ишлаб чиққан

The New York Times нашрига кўра, улардан бири – Николас Мадурони қўлга олиш ёки ўлдириш ҳисобланади.

Hu Yousong / Xinhua / Scanpix / LETA

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Венесуэлада ҳарбий ҳаракатларнинг бир нечта вариантларини ишлаб чиқди, деб хабар берди The New York Times газетаси манбаларга таяниб.

Биринчи вариантга кўра, АҚШ Венесуэла президенти Николас Мадурони қўллаб-қувватлашни сусайтириш учун ҳарбий объектларга ҳаво ҳужумлари уюштиради. Расмийлар фикрича, агар Мадуро энди хавфсизликда эмаслигини ҳис қиладиган бўлса, қочишга ҳаракат қилади, бу эса уни қўлга тушириш имконини оширади. Ушбу сценарийга қаршилар эса Венесуэла аҳолиси қийин аҳволга тушиб қолган етакчи атрофида бирлашиши мумкинлигидан хавотирда.

Иккинчи вариант шундан иборатки, АҚШ Венесуэлага «Делта» махсус қўшинларининг элита бўлинмасини ёки терроризмга қарши курашувчи SEAL Team 6 денгиз пиёдалари отрядини юборади. Уларнинг олдига Мадурони қўлга олиш ёки ўлдириш вазифаси қўйилиши мумкин. Бундай ҳолда, Трамп маъмурияти Мадуро мамлакатнинг қонуний президенти эмас, балки биринчи навбатда Cartel de los Soles наркокартелининг раҳбари эканини таъкидлаб, хорижий етакчиларни ўлдиришга қўйилган азалий тақиқни четлаб ўтишга ҳаракат қилади.

Учинчи вариантга кўра, Венесуэладаги аэродромлар ва ҳеч бўлмаганда баъзи нефт конлари ва инфратузилмаларини қўлга киритиш учун Америка аксилтеррор кучлари юборилади.

NYT таъкидлаганидек, сўнгги иккита вариант АҚШ ҳарбийлари учун анча катта хавф туғдиради, айниқса, агар улар Мадурони Венесуэла пойтахти Каракас каби шаҳар шароитида таъқиб қиладиган бўлса.

Доналд Трамп америкалик аскарларни хавф остига қўядиган вариантларни кўриб чиқмоқчи эмас. Шунинг учун ишлаб чиқилаётган режаларда денгиз дронлари ва узоқ масофали қуроллардан фойдаланилади. Бу вариантлар ноябр ойи ўрталарида Кариб денгизига беш мингга яқин одам ва 75 дан ортиқ зарбдор, разведкачи ва ёрдамчи самолётлар, шу жумладан F/A-18 қирувчи самолётлари бўлган «Jerald R. Ford» авиаташувчиси етиб келганида янада ҳаётий бўлиши мумкин.

«Jerald R. Ford» авиаташувчиси Флорид штати соҳиллари яқинидаги синов вақтида, 2021 йил 8 август
US Navy/Cover-Images

Газета Трамп катта эҳтимол билан «Jerald R. Ford» авиаташувчиси Венесуэла қирғоқларига етиб келмагунча қарор қабул қилмаслигини таъкидлаган. NYT маълумотларига кўра, Трамп бундан кейин нима қилиш кераклиги ва умуман ҳаракат қилиш керакми ёки йўқлиги ҳақида бир қарорга келмаган. Президент муваффақиятсизликка олиб келиши мумкин бўлган операцияларни маъқулламоқчи эмас. Аммо унинг кўплаб маслаҳатчилари Мадурони президентликдан четлатиш кераклигини таъкидламоқда.

АҚШ президентининг ёрдамчилари ҳар қандай ҳарбий ҳаракатлар учун ҳуқуқий асосни қандай таъминлаш бўйича қўшимча тавсиялар олиш мақсадида Адлия вазирлигига мурожаат қилишган. Адлия вазирлиги Мадурони гиёҳванд моддалар картели етакчиси сифатида қонуний нишон деб тан олиши кутилмоқда.

АҚШ август ойи охиридан бери Венесуэла соҳиллари яқинида фаол равишда ҳарбий мавжудлигини кучайтирмоқда. Кариб ҳавзасида аллақачон 10 мингга яқин америкалик ҳарбий бор: уларнинг ярми ҳарбий кемаларга, қолганлари Пуэрто-Рикодаги базаларга жойлаштирилган. Сўнгги ҳафталарда Американинг B-52 ва B-1 бомбардимончи самолётлари «кучни кўрсатиб қўйиш» доирасида Венесуэла қирғоқлари яқинида парвозларни амалга оширмоқда, деб ёзади NYT. Николас Мадуро бу фонда Россия, Эрон ва Хитойдан ҳарбий ёрдам сўраган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид