Спорт | 14:33 / 06.05.2021
24418
10 дақиқада ўқилади

«Челси» «Реал»ни иложсиз қолдирди. ЕЧЛ финали яна инглизча бўлади

Афтидан, Зиданнинг Европадаги магияси бутунлай ғойиб бўлган.

Фото: Getty Images

Чемпионлар лигаси. 1/2 финал. Жавоб ўйини
«Челси» (Англия) — «Реал» (Испания) — 2:0 (1:0)
Голлар: Вернер, 28 (1:0). Маунт, 85 (2:0).
«Челси»: Э.Менди, Тиагу Силва, Аспиликуэта (Жеймс, 88), Рюдигер, Кристенсен, Чиллуэлл, Жоржинью, Канте, Ҳаверц (Жиру, 90+4), Маунт (Зиёш, 88), Вернер (Пулишич, 67).
«Реал»: Куртуа, Серхио Рамос, Начо, Ф.Менди (Вальверде, 63), Эдер Милитао, Модрич, Кроос, Каземиро (Родриго, 76), Бензема, Азар (Диас, 89), Винисиус Жуниор (Асенсио, 63).
Огоҳлантиришлар: Жоржинью, 14. Серхио Рамос, 36. Кристенсен, 39. Начо, 62. Кроос, 72. Маунт, 87. Вальверде, 90.
Ҳакам: Орсато (Италия).
5 май. Лондон. «Стэмфорд Бриж» стадиони.
Биринчи ўйин — 1:1.

«Челси» сафардаги ўйинда қулай ҳисобга эришиб қайтган, жавоб ўйинида қандай натижа қайд этилиши клубнинг ўзига кўпроқ боғлиқ эди. Шу туфайли Томас Тухель қандай йўл тутиши қизиқ эди: дурангни сақлаб қолиш учун ўйнаб, қарши ҳужумларда имкон пойлашми ёки бу мавсум кучсизроқ кўринаётган «Реал» устидан тўлиқ устунлик қилишми? Биринчи вариант танланди ва бу кутилмаган ҳол эмасди.

Тухель сўнгги ўйинларда қилаётганини такрорлаб, Маунтни яримҳимоя марказига жойлаштирди. У, Жоржиньо ва Кантедан иборат учбурчак тўпсиз ҳолатда орқароқда жойлашар, унинг асоси Жоржиньо бўларди. У ҳам баъзида рақиб жарима майдонига қадар яқинлашди (бир сафар Модрични таъқиб қилиб, кўпроқ Каземиро билан ўйнаб), аммо Маунт ва Кантенинг қанчалик кўп меҳнат қилиши муҳимроқ эди. Улар тўп «Реал» яримҳимояси орқали ҳаракатланишига қаршилик қилиши талаб этиларди ва улар буни уддалашди.

Зинедин Зидан исталган вазиятга мослашиб, жамоа ўйинини исталган сценарий бўйича туза олиш ҳадисини олганди. «Челси»га сафар олдидан вазифа оддий эмасди: Тухель давридаги 23 ўйинда атиги 10 гол ўтказган (агар «Вест Бром»га қарши аномал ўйинни ҳисобдан чиқарсак, 22 ўйинда 5 гол) жамоага албатта гол уриш талаб этиларди. Шу билан биргаликда, лондонликларнинг устун жиҳатларидан бўлган қарши ҳужумларга йўл қўймаслик.

Француз мураббийни кадрлар муаммоси кўпроқ қийнарди. Ўйинга икки кун олдинги хабарлар шунчаки қўрқинчли эди, аммо ўйингача ижобий янгиликлар бўлди. Ҳа Рафаэл Варан, Лукас Васкес ва Дани Карвахал ўйнай олмасди. Лекин Серхио Рамос, Ферлан Менди ва Феде Вальверде ўйинга тушишга тайёр бўлишди. Уларнинг дастлабки иккиси фақат сўнгги икки машғулотда иштирок этишди, жамоа сардори эса қарийб икки ойдан буён майдонга тушмаганди. Уларни ўйинга туширмасдан илож йўқ эди. Тушириш ҳам таваккалчилик эди.

Натижада «Реал»да сўнгги 20 ўйинда ҳимояда 14-хил таркиб ўйнайдиган бўлди. Эдер Милитао — марказда Рамос билан жуфтлик ҳосил қилмасдан, ўнг қанотга туширилди. Начо ҳам чап қанотда, ҳам марказда сардорга ёрдам берадиган бўлди.  Менди олдинроққа жойлашди ва вақти келганда қанот ҳужумчи вазифасини бажарди ёки майдон марказига ҳам кўчиб, «ўнлик» ўрнини эгаллади. Тони Кроос ва Лука Модрич орқага кўпроқ қайтиб, ҳимоячилар билан қарийб бир чизиққа жойлашишди, уларнинг вазифаси паслар орқали тўпни олдинга олиб бориш эди — бу ўйинда масалан, «Ливерпуль»га қарши ўйинда бўлгани каби ҳимоячилар ортига тўп узатиш кузатилмади. 

Зидан ноодатий режа ўйлаб топганди. Тўпсиз ҳолатда жамоа ҳужумда 2, яримҳимояда 5 футболчи билан ҳаракатланди. Тўпга эгалик қилинганда эса Модрич ҳужумда учинчи футболчи ўрнини тўлдирди, схема яримҳимоядаги ромб билан 3-4-3 кўринишига ўтди. «Реал» кутилмаганда «Барселона» каби ўйин услуби танлади, аммо Зиданга тўп билан илгарилашда максимал вариантлар керак эди.

Гибрид схемада яна бир алоҳидалик бор эди: Винисиус латераль эмас (айниқса ўнг қанотда), у майдонда шу ролни бажарди, аммо ҳужумга кўпроқ қўшилди ва Мендига қараганда олдинроқда очилди.

Аммо Зиданнинг режаларини «Челси» ижросидаги сифатли прессинг барбод қилди. Биринчи бўлимда Мадриднинг асосий креатив боғлами, Кроос ва Модрич ўйинга максимал даражада жалб қилинди, тўпга тегинишлар сони бўйича энг юқори статистика уларга тегишли эди, аммо бу ҳаракатлар фақат хавфсиз ҳудудларда рўй берди. «Реал» юлдузлари тўпни ўзларида олиб юришди, аммо етарлича вазиятлар ярата олишмади.

Фото: Clive Rose/Getty Images

«Реал» биринчи бўлимдаги асосий вазиятига индивидуал маҳорат эвазига эга бўлди. Модрич мураккаб диагонал узатма билан тўпни жарима майдони ичига етказиб берди, рақиблар қуршовида турганига қарамай, Бензема орқароқдан ўтиб кетаётган тўпга зарба беришга имкон топди. Бу яхши вазият эди, Модрич ва Бензема барчасини тўғри қилишди, аммо мезбонлар дарвозабони Менди халоскорга айланди.

«Челси»нинг голи мадридликлар прессингда кечиккани туфайли рўй берди, асосий ишни яна Канте қилди. У босим остидан осонлик билан чиқиб кетиб, оддий вазиятни жуда хавфли ҳужумга айлантирди. Кейин Вернер билан девор ўйнади, якунда Ҳаверц деярли бирга-бир чиқиб кетди. Унинг зарбаси тўсинга тегиб қайтганида Вернер бўш дарвозани ишғол қилди.

«Челси» биринчи бўлимдаёқ меҳмонларни қарши ҳужумлари билан чарчата бошлаганди. Иккинчи бўлимда эса улар ҳар бир неча дақиқада рақибга босим уюштиришга ўтди. «Челси» жисмоний жиҳатдан яхшироқ тайёрлангани кўриниб турарди, чунки танаффусдан кейин ҳаракатланишдаги фарқ яққол кўзга ташланиб қолганди.

Мезбонлар нафақат ажойиб прессинг қилишди (тўпга эгалик қилишдан воз кечиш 100 фоиз иш берди), балки босим ўтказиш учун аниқ нишонларни ҳам белгилаб олишганди: Милитао, Винисиуса ва кутилмаганда, Азара. «Челси» тўпни олиб қўйгандан кейин яратган хавфли вазиятларни санашдан маъно йўқ, аммо бундай вазиятлар сони янада кўпроқ бўлиши ҳам мумкин эди. Яна Вернер муаммо чиқарди: уни одатда голли вазиятлардан фойдалана олмасликда айблашади, аммо бу ўйинда у охирги пасларни бера олмади. Бир неча истиқболли ҳужумларни у ўз вақтида тўпдан халос бўлмагани ёки вақтида керакли пасни бера олмагани учун йўққа чиқарди.

Зидан иккинчи бўлимда бурилиш ясаш учун қанотларни кучайтиришга зўр берди ва катта таваккал қилди. Биринчи бўлимнинг баъзи вақтларида уч марказий ҳимоячи билан ўйнаган «Реал» эди ҳимояда биргина Рамос билан қолди, Начо ва Милитао яримҳимоячиларга айланишди. Аммо бу кеча ҳеч қандай ўзгаришлар «Челси»нинг прессингини енгиб ўта олмасди.

Майдон эгаларининг ўйинни тотал назорат қилганини айрим рақамлар билан ҳам ифодалаш мумкин. Гарчи улар якунда тўпга эгалик қилиш бўйича 32 фоизлик натижа кўрсатган бўлишса-да, тўп майдоннинг «Реал» томонида кўпроқ бўлди: 29 фоизга 23 фоиз, «Челси» фойдасига.

Канте, Маунт — прессингда ҳам, ҳужумда ҳам юксак савия намойиш этишди. Канте иккинчи голни ҳам тўпни Начодан олиб қўйган ҳолда бошлаб берди ва Пулишични тўп билан таъминлади, америкалик футболчи эса тўпни керакли вақтгача ўзида сақлаб туриб, Маунт қулай нуқтага етиб келганида тўпни узатди. Бу голда ҳам француз футболчисига ассист ёзилмади, аммо камтар бу футболчи бундан ранжимаслиги аниқ. У шак-шубҳасиз иккинчи ўйинда ҳам қаҳрамонлик кўрсатди ва лондонликлар устунлиги рамзи бўлди.

«Реал»да Модричнинг узоқдан берган зарбаси ва Бенземанинг яна бир мураккаб зарбаси бўлди, холос. Ўйин якунлангач, Маунт жамоаси бу ўйинда бешта гол уриши ҳам мумкин бўлганини айтди ва бу бўрттириш эмасди. Канте ва Маунт бир мартадан, Ҳаверц икки марта яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади. Бу ҳам «Челси»нинг иккинчи бўлимда қанчалик устунлик қилганини кўрсатади. Тухель имкониятлари даражасидаги энг яхши ишни қилди - жамоани прессинг-машинага айлантирди.

 

«Челси» — Чемпионлар лигаси финалида, ҳолбуки январда бундай бўлишига фақат жиннилар ишонарди. Фрэнк Лэмпард бошқарувидаги тартибсиз жамоа бутунлай ўзгарди. Томас Тухель қаторасига иккинчи мавсумда ўз жамоасини асосий турнир финалига олиб чиқмоқда. Турли клублар билан икки финал — бунақаси Чемпионлар лигаси тарихида бўлмаган. Бир йил аввал у «ПСЖ» билан мақсадга эриша олмаганди, бу сафар нима бўлишини 29 май куни «Сити»га қарши Истанбулда бўлиб ўтадиган ўйинда билиб оламиз...

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид