Спорт | 21:21
506
2 дақиқада ўқилади

«Челси» Абрамович давридаги қоидабузарликлар учун 10 млн фунт жаримага тортилди

«Челси»нинг янги раҳбарияти ўз ихтиёри билан тегишли даврда футболчилар, рўйхатдан ўтмаган агентлар ва бошқа шахсларга яширин тўловлар амалга оширилганини тан олди.

Фото: Getty images

Англия Премер-лигаси (АПЛ) 2011-2018 йиллар оралиғида, яъни Роман Абрамович даврида йўл қўйилган молиявий қоидабузарликлари учун Лондоннинг «Челси» клубини 10,75 млн фунт миқдорида жаримага тортди. Шунингдек, клубга яқин тўққиз ой ичида академия даражасида трансферларни амалга ошириш тақиқланди.

Бундан ташқари, асосий жамоага нисбатан шартли равишда бир йиллик трансфер тақиқи амал қилади. Синов муддати икки йилдан иборат.

Тергов 2022 йилдан буён олиб борилган эди. «Челси»нинг янги раҳбарияти ўз ихтиёри билан лигага тегишли даврда футболчилар, рўйхатдан ўтмаган агентлар ва бошқа шахсларга яширин тўловлар амалга оширилганини маълум қилди. Британия оммавий ахборот воситаларининг кўплаб хабарларига кўра, Лондон клуби Эден Азар, Виллиан ва Самуэл Это'О трансферларини қоидабузарликлар билан амалга оширган.

Релизда қайд этилишича, «қонунбузарликлар ҳақида клубнинг ўзи фаол равишда хабар бериши», «Челси»нинг янги раҳбарияти томонидан уларнинг тан олиниши ва «бутун тергов давомида» ҳамкорлик қилиш енгиллаштирувчи ҳолатлар бўлган. Англия футбол ассоциациясининг шунга ўхшаш қоидабузарликлар бўйича алоҳида интизомий иши давом этмоқда.

Россиялик олигарх Роман Абрамович 2003 йилда «Челси» клубини сотиб олди. Унинг раҳбарлигида клуб кўплаб катта совринларни қўлга киритди ва дунёнинг энг яхши клубларидан бирига айланди. 2022 йилда Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Буюк Британия Роман Абрамовичга нисбатан санкцияларни жорий қилди. Шундан кейин олигарх «Челси» клубидаги улушини сотди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид