Ўзбекистон | 12:05 / 28.10.2023
35095
2 дақиқада ўқилади

«Авто 60 ой» ишида 8 йилга қамалган Жамшид Баҳодиров озодликда экани маълум бўлди

Жамшид Баҳодиров ва унинг жиноий шериклари суднинг 2021 йил 29 март кунги ҳукми билан 6 йилдан 8 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Kun.uz ихтиёрига келиб тушган маълумотларга кўра айни пайтда Жамшид Баҳодиров очиқда. Шикоятларга кўра у фуқароларга “арзон ва қулай шартларда автомобил ҳамда квартиралар олиб бериш хизмат”ларини кўрсатмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2021 йил 29 март кунги ҳукми билан Жамшид Баҳодиров Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “а”, “б” бандлари, 188-1-моддаси (қасддан банкротликка олиб келиш) 2-қисми “б”, “в” бандлари ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга узил-кесил ўташ учун 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.

Тергов маълумотига кўра, “Avto oltmish oy” МЧЖ таъсисчиси ва бошқа мансабдорлари фуқароларга фоизсиз, пулини 5 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан автотранспорт олиб беришни ваъда қилиб, одамлардан транспорт воситаси турига қараб 2 млн сўмдан 10 млн сўмгача пул олган, 16 мингдан ортиқ мижоздан жами 57 миллиард 412 миллион сўм йиғилган.

Жабрланувчиларга етказилган умумий зарарнинг ундирилган қисми 34 миллиард 148 миллион сўм бўлиб, шундан нақд пул шаклидагиси 26 миллиард сўм, хатланган мол-мулклар эса 8 миллиард 148 миллион сўмдан иборат. Қопланмаган зарар 23 млрд 264 млн сўмни ташкил этган. 

Kun.uz сайтига келиб тушган маълумотга кўра Жамшид Баҳодиров айни кунда озодликка чиққан.

У фуқароларга “арзон ва қулай шартларда автомобил ҳамда квартиралар олиб бериш хизмат”ларини таклиф қилиб, юзлаб одамлар билан шартнома тузишда иштирок этган. Бу ишда унинг роли ва вазифалари қандай бўлгани ҳозирча маълум эмас (Kun.uz бу борада суриштирувлар олиб бормоқда). Таҳририят ихтиёридаги материаллар яна юзлаб одамлар навбатдаги йирик фирибгарлик қурбонига айланганини кўрсатмоқда.

Яқин вақт ичида тафсилотлари ҳақида батафсил маълумотни Kun.uz’да ўқишингиз мумкин. Унда Жамшид Баҳодиров очиққа чиқарилишининг ҳуқуқий асосларига ҳам аниқлик киритилади. 

Мавзуга оид