Жаҳон | 19:21 / 05.11.2025
9558
7 дақиқада ўқилади

Японияда айиқлар ҳужумидан 12 киши вафот этди. Уларга қарши курашга ҳарбийлар жалб қилинди

Куз мавсумида айиқлар – Япониянинг шимолий вилоятларидаги фермалар ва қишлоқларга тушиб, деярли ҳар куни инсонларга ҳужум қилмоқда. Оқибатда, айиқлар ҳужуми оқибатида рекорд даражада инсонлар ўлими қайд этилди. Айиқлар ҳужумига қарши жалб қилинган ҳарбийлар ҳайвонларга қурол ишлатмайди, улар овчиларга ёрдам беради.

Фото: Reuters

Япония Мудофаа вазирлиги 5 ноябрь куни чоршанба куни шимолдаги Акита префектурасига ҳарбийларни юборди. Улар тоғли ҳудуд аҳолиси орасида ваҳима уйғотган айиқ ҳужумларини жиловлашга ёрдам беради.

Операция Казуно шаҳрида бошланди — бу ўрмонлар билан ўралган кичик шаҳар бўлиб, сўнгги ҳафталарда айиқ кўринишлари кескин кўпайган. Сўнгги бир неча ҳафтадан бери аҳолига қалин ўрмонларга кирмаслик, кечаси ташқарига чиқмаслик тавсия этилмоқда, чунки айиқлар овқат излаб уйлар атрофига келиб юрмоқда.

AP нашрининг ёзишича, Япония бўйлаб, асосан шимолий вилоятларда, айиқ ҳужумлари деярли ҳар куни қайд этилмоқда. Айиқлар – мактаблар, темирйўл бекатлари, супермаркетлар, ҳатто иссиқ булоқ курортлари яқинида ҳам кўринмоқда.

Япония Атроф-муҳит вазирлиги статистикаларига кўра, апрелдан бери 100 дан ортиқ киши жароҳатланган, камида 12 киши ҳалок бўлган. Reuters нашрига кўра, Акитада бу йил айиқ кўринишлари олти баравар кўпайиб, 8 мингдан ошган, ҳужумлар сони эса рекорд даражага чиқмоқда. Шу сабабдан ўтган ҳафта префектура губернатори ўзининг ҳимоя кучларидан ёрдам сўраган.

«Ҳатто вақтинча бўлса ҳам, ҳарбийлар ёрдами биз учун катта енгиллик. Олдин айиқлар шовқинни эшитса, қочади деб ўйлардим. Аммо энди улар аксинча, одам томонга яқинлашади. Улар чинакам даҳшатли ҳайвонлар,» – деди Казунонинг «айиқ бўлими» раҳбари Ясуҳиро Китаката.

Ҳарбийлар тузоқлар билан ёрдам беради

«Айиқлар – ҳар куни аҳоли яшайдиган ҳудудларга кириб келмоқда ва уларнинг таҳдиди кенгайиб бормоқда. Айиқлар билан боғлиқ вазият — долзарб муаммо», деди Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг ўринбосари Фумитоши Сато.

Мудофаа вазирлиги ва Акита префектураси чоршанба куни тушдан кейин қўшин юбориш бўйича келишув имзолади. Шартномага кўра, аскарлар озиқ-овқат қўйилган қутили тузоқлар ўрнатади.

Шунингдек, маҳаллий овчиларни ташишда ёрдам беради ва ўлдирилган айиқларни йўқ қилишда иштирок этади. Расмийларнинг айтишича, аскарлар қурол ишлатмайди.

Фото: AP

Аскарларнинг вазифаси — пўлат панжарали тузоқларни ўрнатиш, ташиш ва текшириш; бу тузоқларга тушган айиқларни эса кейинчалик малакали овчилар отиб йўқ қилади.

«Ҳар куни янги ҳужумлар ҳақида хабарлар келмоқда, лекин бизда етарли ишчи кучи йўқ, шунинг учун маҳаллий ҳокимиятлар умидсиз аҳволда», деди Акита губернатори Кента Судзуки.

Мудофаа вазири Синжиро Коизуми эса сешанба куни баёнот бериб, бу миссиянинг мақсади «аҳоли кундалик ҳаётининг хавфсизлигини таъминлаш» эканини айтди. Бироқ ҳимоя кучлари (Self-Defence Forces)нинг асосий вазифаси — мамлакат мудофааси, шунинг учун улар чексиз ёрдам бера олмайди, деди. Чунки Япония ҳарбийларининг ўзи ҳам ҳозир кадрлар танқислиги билан курашмоқда. Ҳозирча бошқа префектуралардан ҳарбий ёрдам сўровлари келмаган.

Акита энг кўп зарар кўрган ҳудуд

Аҳолиси тахминан 880 минг бўлган Акита префектурасида май ойидан бери 50 дан ортиқ киши айиқ ҳужумидан азият чеккан, камида тўрт киши ҳалок бўлган, деди маҳаллий ҳокимият. Мутахассислар таъкидлашича, ҳужумларнинг 70 фоизи аҳоли яшайдиган жойларда содир бўлган.

Ўтган дам олиш кунлари Юзава шаҳрида ўрмонда қўзиқорин тераётган бир кекса аёл айиқ ҳужумидан ҳалок бўлган ҳолда топилган.

Фото: AFP

Октябрь охирида эса Акита шаҳрида фермерлик билан шуғулланаётган яна бир кекса аёл айиқ ҳужумидан сўнг ўлган. Сешанба куни эса газета тарқатувчи эркак айиқ ҳужумидан жароҳат олган.

Баъзи мактаблар, айиқлар болалар майдонларида пайдо бўлгани сабабли вақтинча ёпилган.

Айиқлар нега келади?

Айиқ ҳужумлари одатда октябрь–ноябрь ойларида, яъни улар қиш уйқусига тайёрланаётган даврда, энг юқори чўққига чиқади.

«Ўтган йили тоғларда озиқ жуда кўп эди, шунинг учун кўплаб айиқ болалари туғилган. Бу йил эса ўша ерда озиқ тугаб қолди,» — деди казунолик Китаката.

Мутахассислар сўнгги йилларда айиқлар муаммосининг ортишига – Япония қишлоқ ҳудудларидаги аҳолининг қариши ҳамда камайиши сабаб бўлганини таъкидлашмоқда. Шу билан бирга, қариб қолган овчилар энди аввалгидек фаол ов олиб бора олмаяпти.

Ташлаб қўйилган уйлар ва фермалар, айниқса хурмо ёки каштан дарахтлари ўсган жойлар, айиқларни ўзига тортади. Айиқлар бир марта озиқ топиб, таъм билса, яна қайта келишни одат қилади, дейди мутахассислар.

Фото: Nippon

Японияда асосан, икки турдаги айиқлар учрайди. Япон қора айиқлари – асосий тур бўлиб, бўйи пастроқ ва одатда 130 кг гача бўлади. Хоккайдо оролидаги жигарранг айиқлар эса овчилар учун ҳам анча хавфли. Уларнинг бўйи 2 метрдан ошади ва оғирлиги 400 кг гача етиши мумкин.

Маҳаллий овчиларнинг ўзи ҳам қариб қолган, баъзилари айиқ овлашда тажрибасиз. Шу сабабли экспертлар полиция ва бошқа расмийларни «давлат овчиси» сифатида тайёрлашни, яъни айиқлар сонини назорат остида камайтириш учун рухсат беришни таклиф қилмоқда.

Фото: Reuters

Ҳукумат чоралар кўрмоқда

Ўтган ҳафта ҳукумат махсус штаб тузди — у ноябрь ўрталарига қадар расмий «айиқ сиёсати»ни ишлаб чиқади. Режаларда:

  • айиқ популяциясини ҳисоблаш;
  • огоҳлантириш сигналлари учун алоқа тизимларини жорий этиш;
  • овчилик қоидаларини қайта кўриб чиқиш;
  • овчилик ва экология бўйича мутахассисларни тайёрлаш бор.
Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид