Жаҳон | 21:07 / 14.10.2025
7702
2 дақиқада ўқилади

АҚШ паспорти дунёнинг энг кучли ўнта паспорти рейтингидан чиқиб кетди

Бундай ҳолат 20 йил ичида биринчи марта кузатилмоқда. Қўшма Штатларнинг рейтингда қулаши виза сиёсатидаги сўнгги бир қатор ўзгаришлар билан боғланмоқда.

Фото: Getty images

АҚШ 2025 йилда Henley & Partners рейтинги тарихида биринчи марта дунёнинг энг кучли 10 та паспорти қаторидан жой олмади, дейилади компания сайтида. Рейтинг 2006 йилдан бери тузилади.

Ҳозир Америка фуқаролари 227 та йўналишдан 180 тасига визасиз саёҳат қилиши мумкин.

Компания АҚШнинг рейтингда қулашини виза сиёсатидаги сўнгги бир қатор ўзгаришлар, хусусан, Бразилия ва Хитой билан визасиз режимнинг бекор қилиниши, шунингдек, Мянма, Сомали ва Ветнамнинг америкаликлар киришини чекловчи қарорлари билан изоҳлади.

2014 йилда АҚШ рейтингда биринчи ўринни эгаллаган эди. Энди унда Осиё мамлакатлари етакчилик қилмоқда: 193 мамлакатга визасиз кириш ҳуқуқига эга Сингапур, Жанубий Корея (190) ва Япония (189).

Америка паспорти мавқеининг заифлашиши америкаликларнинг бошқа мамлакат резидентлиги ва фуқаролигини олишга қизиқишини оширди. Филаделфиядаги Темпл университети ҳуқуқ профессори Питер Спиронинг фикрича, яқин йилларда АҚШ фуқаролари орасида иккинчи фуқароликни олишга интилаётганлар сони ортиб боради. «Кўпфуқаролик Америка жамиятида янги меъёрга айланмоқда», деб қўшимча қилди у.

Ўзбекистон паспорти Henley & Partners рейтингида 82-ўринда қайд этилган, ўзбекистонликлар 61 давлатга визасиз бориш ҳуқуқига эга.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид