Ўзбекистон | 15:12 / 13.07.2019
38033
2 дақиқада ўқилади

Хотин-қизлар қўмитаси Элмира Боситхонованинг гапи нотўғри талқин қилинаётганини билдирди

Элмира Боситхонова/Фото: KUN.UZ

2019 йил 11 июль куни Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова иштирок этган брифингда зўравонликдан жабр чеккан хотин-қизларга кўмак бериш, зўравонликни олдини олиш масаласи муҳокама қилинган эди, дейилади қўмита сайтидаги маълумотда.

Брифингда Тошкент шаҳридаги бозорлардан бирида ишлаётган 30 нафар сотувчи аёлларнинг уларга муносиб жой берилмаётгани, офтобда қийналиб савдо қилишаётгани, атрофдагилар ва баъзи масъуллардан ҳақорат эшитаётгани юзасидан Хотин-қизлар қўмитасига мурожаат этгани мисол тарзида келтирилиб, ана шу аёлларга бозорчи сўзини ҳақорат оҳангида айтаётган масъулларни, атрофдагиларни муносабатини ўзгартириш мақсадида бозорга маърифат олиб кириш ғояси маълум қилинган, дейилади ХҚҚ баёнотида.

“Кўриниб турибдики, ижтимоий тармоқларда “бозорчи” ва “бозорда маърифат йўқ” деган фикрлар умумий фикрдан узиб олиниб, нотўғри талқин қилинмоқда. Қолаверса, талқинларда ва муносабат билдиришда инсон ва ташкилот шаънига ҳақоратли сўзлар айтилаётганини инобатга олиб, ижтимоий тармоқларда фикр билдиришнинг ҳам ўз қоидалари борлигини эслатмоқчимиз.

Хотин-қизлар қўмитаси блогерларимиз томонидан очиқ хат ва муносабат шаклида куюнчаклик билан ёзилаётган бозордаги аёлларнинг шароити оғирлиги, уларга кўмак зарурлиги билан боғлиқ барча ҳолатлардан яхши хабардор.

Шу боис блогерларимиз негадир эсга олмаган аёллар ҳаётини яхшилаш борасидаги бир қанча йўналишлар қатори, бозорларда миллий қадриятларимиз ва улуғ санъатимиз, адабиётимиз намуналарини радиоузеллар орқали ўқиб-эшиттириш, кутубхоналар ташкил этиш ҳамда Хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилотини тузиш орқали ўша сотувчи аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, уларни муносиб шароитларда ишлашини таъминлаш позициясини амалга оширишда давомли эканини маълум қиламиз”, - дейилади қўмита маълумотида.

Бундан олдин, Ўзбекистонда ҳар йили неча нафар аёл ўз жонига қасд қилаётгани айтилганди

Мавзуга оид