Ўзбекистон | 10:57 / 18.06.2021
13976
3 дақиқада ўқилади

«Депутатлар, фаоллар, талаб қилишни ўрганинглар» — Президент реал муаммолар ҳақида гаплашиш зарурлигини таъкидлади

Президент Шавкат Мирзиёев Андижондаги фаоллар йиғилишда яна бир бор келажакда туманлар ва вилоятлар ҳокимларини халқ сайлаши ҳақида гапирди.

Андижон вилоятида фаоллар иштирокидаги йиғилиш бошланди ва президент ўз сўзи бошида анъанавий тарзда ортиқча такаллуфлардан воз кечиш ҳамда реал муаммолар, уларнинг ечими ҳақида гаплашиш зарурлигини таъкидлади.

«Аввало, барчангизни соғ-саломат, яхши кайфиятда кўриб турганимдан хурсандман. Сизларга, сизлар орқали кўпни кўрган, мард ва олийжаноб Андижон халқига ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман. Битта нарсани сизлардан илтимос қиламан – Андижон халқининг оғирини енгил қиладиган масалаларни муҳокама қилайлик. 

Олдин айтганимдек, келажакда кенгаш раиси ҳоким бўлмайди. Шу кунларга келамизки, туман, вилоят ҳокимларини халқ сайлайди. Чунки қанча кўп халқ вакиллари раҳбардан талаб қилса, вазият ўзгаради. 

Кўрдингиз, шаҳарлар қурмоқчимиз. Ўйлаб кўринглар, бунинг масъулиятини зиммага олиш қанчалик оғир. Сизлардан бир илтимосим, азиз депутатлар, фаоллар – талаб қилишни ўрганинглар», – дея президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат раҳбари Бобур Мирзо ва Абдулла Ориповларни ёдга олди.

«Бугун, Андижон аҳли кенг кўламли ислоҳотларимизда фаол иштирок этаётгани ва қатор соҳаларда бошқаларга ўрнак бўлаётганини кўриб, буюк шоиримиз Абдулла Ориповнинг қуйидаги сатрлари эсга тушади:

Ўзбекни билай десанг, Андижонга аввал боқ,
Номард билан гаплашмас, у – мард билан чин ўртоқ.
Меҳнат-у маърифат ҳам Андижонга ярашгай,
Сир эмас, кўплар унга ҳавас билан қарашгай.

Чиндан ҳам, бугун кўпчилик сизларга, ўзингизнинг ҳалол меҳнатингиз билан ҳар бир маҳалла, ҳар бир қишлоқ ва туман, умуман, бутун вилоятни обод қилаётганингизга ҳавас билан қарамоқда.

Бошқа ҳудудларга нисбатан Андижоннинг имкониятлари чекланган. Ер танқис, аҳоли зич. Мен раҳбар бўлиб ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос ривожланиш йўллари ҳақида ўйлайман. Андижон муаммоларини ҳеч ким четдан келиб ҳал қилиб бермайди, ҳаммаси шу вилоятнинг заҳматкаш халқи қўлида. 

Президент сиёсатни белгилайди, йўналишни беради. Қуйи бўғиндаги раҳбарлар ватанпарварликни намоён қилишлари керак», деган Шавкат Мирзиёев. 

Мавзуга оид