Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Миллий боғда катта қурилиш: дарахт кесилгани учун ким жавоб беради?
Тошкентдаги Миллий боғ ҳудудига туташ майдонда дунёда машҳур The Ritz-Carlton меҳмонхонаси қуриляпти, қурувчи компания ҳам хориждан. У ерда дастлаб 12 туп дарахт кесилиб, табиатга 351 млн сўмлик зарар етказилгани маълум қилинганди. Куни кеча бўлиб ўтган жамоатчилик эшитувида инвестор томони 10 та дарахт кўчирилгани, 2 та ўрик дарахти эса рухсатсиз кесилганини айтди.
Тошкентдаги Миллий боғ хиёбони ёнидаги The Ritz-Carlton меҳмонхонасининг қурилиш жараёнида 2 та дарахт кесилган ва 10 та дарахт кўчирилган. Уларни ушбу инвестор билан ҳамкорликда ишлаган номаълум МЧЖ рухсатномасиз амалга оширган. Ҳатто инвесторларнинг ҳам бундан хабари бўлмагани, экологлар сабаб билишгани айтилди. Аввалроқ бу ердаги 12 та дарахт илдизи билан қўпориб ташлангани жамоатчиликни жунбишга келтирган ва Экология қўмитаси 351 млн сўмлик зарар етказилгани, иш Бош прокуратура назоратига ўтказилишини айтганди.
4 март куни қурилиш компанияси ўтказган жамоатчилик эшитувида Kun.uz мазкур масалага ойдинлик киритишни сўради. Инвесторга кўра, қурилиш ҳудудида ишлаш учун номаълум МЧЖ (инвестор бунга ойдинлик киритмади) билан шартнома тузилган, аммо улар ўзбошимчалик билан дарахтларни кесган ва кўчирган. Бунинг учун компания уларни судга беришини айтди.
“Биз ёллаган МЧЖ 2 та ўрик дарахтини кесган ва буни яширишга ҳаракат қилган. Биз улар билан агар бирор дарахт кўчирилса ёки лойиҳамиз доирасида бирор иш амалга оширилса, бу ҳақда қўриқлаш хизматига, техника хавфсизлиги бўлимига ва бизга олдиндан хабар беришларига келишган эдик. Ушбу МЧЖга нисбатан судга мурожаат қиламиз.
Кўчириб ўтказилган барча дарахтлар бўйича, уларнинг нотўғри ҳаракатлари сабаб биз кўрган барча харажатлар, шунингдек, қўлланган жарималар ҳам компания зиммасига юклатилади. Ўзбекистонга вайрон қилиш ёки табиатга зарар етказиш учун келмаганмиз. Экология бошқармаси билан музокара ўтказдик — бизга Дендропарк ҳудудидан жой ажратилади. Кесилган 2 та дарахт ўрнига 200 та дарахт экиб берамиз. Экология бошқармаси лойиҳадаги вазиятдан келиб чиқиб, зарар миқдорини 351 миллион сўм деб баҳолади.
Барча рухсатномалар ва зарур ҳужжатларни биз ёллаган МЧЖ олиши керак эди. Биз уларга ишончнома берган эдик. Ариза топшириш, Ботаника боғидан мутахассис чақириш ва бошқа жараёнларни шартномага мувофиқ улар бажариши, кўчириб ўтқазилган дарахтларни бизга топшириши керак эди. Аммо йўл ярмида билдикки, биринчидан, улар рухсат олмаган, рухсат олиш учун мурожаат ҳам қилмаган. Ҳеч кимни таклиф ҳам қилмаган”, деди PD Estates МЧЖ ХК маъмурий менежери Камал Худагулуев.
Kun.uz мухбири инвесторга нега Ўзбекистон қонунчилигига ҳурматсизликка йўл қўйилгани, шунингдек, агар Бокудаги Марказий боғда ўзбекистонлик инвестор дарахтларни рухсатсиз кўчирганида, бу ҳолатга қандай муносабат билдирилар эди, деган мазмунда савол берди.
“Айтайлик, сиз квартира таъмир қилдирмоқчисиз. Таъмирлаш учун ишчиларни ёлладингиз, уларга пул тўладингиз ва кетдингиз. Агар ўша ишчилар қўшнингизни сув босишига сабабчи бўлса, сиз айбдормисиз? Айтинг, нима учун айбдор бўласиз? Сиз уларни ёлладингиз, тўғрими? Хўш, биз қандай айбдормиз? Биз нотўғри компанияни ёллаганимизни тан оламиз. Аммо уларга рухсатсиз дарахт кесишга розилик бермаганмиз. Қонунчиликни билмаслигимиз мумкин. Шунинг учун компанияларни ёллаймиз. Биз ҳам экологлар туфайли ҳолат ҳақида билдик.
Иккинчи саволингизга келсак, бизнинг мамлакатда ҳам шундай ҳолат бўладиган бўлса қонунчиликка кўра инвестор жавоб беради. Биз ҳам қонунчиликка мувофиқ жавоб берамиз”, дейди инвестор вакили.
Экология қўмитаси вакили маълумотига кўра, ҳудудда 100 туп дарахт 2025 йилда қўмита рухсати билан кўчирилган. Аммо 2026 йилдаги кўчириш ишларига ҳали расман рухсат берилмаган ва ҳудудда рухсатсиз кўчирилган 10 туп дарахтдан кейин яна кўчирилиши керак бўлган 25 туп дарахт бор. Ҳозирча ҳолат юзасидан масъул ташкилотлар томонидан текширув давом этмоқда. Инвестор номаълум МЧЖ устидан судга мурожаат қилишини билдирган бўлса-да, қонунчиликка кўра буюртмачи сифатида жавобгарлик масаласи очиқ қолмоқда.
Маълумот ўрнида, PD Estatesс МЧЖ ХК — Озарбойжоннинг Pasha Holding компанияси бўлиб, қиймати 200 миллион АҚШ доллари бўлган Ritz Carlton бренди остида 5 юлдузли меҳмонхона қурмоқда.
Мавзуга оид
09:10 / 03.04.2026
Тошкент ва Ўш ўртасида илк авиақатнов йўлга қўйилди
14:58 / 02.04.2026
Аҳоли норози: Тошкентда футбол майдончаси ва дарахтларга қурилиш хавф солмоқда
11:39 / 01.04.2026
Президент яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича янги вазифаларни белгилади
09:13 / 01.04.2026