Иқтисодиёт | 14:56 / 03.09.2025
7645
5 дақиқада ўқилади

“Чуқур муаммоларимиз аригани йўқ” — иқтисодчилар олтиндан тушумлар сўмни мустаҳкамлаётгани ҳақида

Олтиннинг рекорд нархлари Ўзбекистон учун бир неча миллиард долларлик “совға” бўлди. Иқтисодчилар бундай вазиятда “осмондан ёғилган пул”ни худо берди деб бугуннинг ўзида ишлатиб юбормасдан, стратегик захирага айлантириш кераклигини айтмоқда. Миллий валютанинг мустаҳкамланиши чўзилиб кетса, бунинг оқибатлари ижобий бўлмаслиги мумкин.

Фото: Kun.uz

Дунёда кечаётган ҳарбий урушлар устига Трампнинг савдо урушлари ҳам қўшилиб, жаҳон бозорларида ноаниқликликларни кучайтирди, натижада олтин нархи рекорд даражада ошиб кетди.

Олтин – Ўзбекистоннинг энг асосий экспорт товари. Содда қилиб айтганда, биз четга жами 100 долларлик маҳсулот сотсак, унинг 35 доллари биргина олтин ҳиссасига тўғри келади. Бу йил нархлар ошиб кетгани учун Ўзбекистоннинг олтин экспортидан даромади 1,8 баробарга ошди. Натижада валюта тушуми кўпайиб, долларнинг сўмга нисбатан курси 20 ой олдинги даражага қайтиб қолди.

Миллий валютамизнинг қадри ошиб бораётганини кўпчилик яхши янгилик деб ҳисоблаши аниқ, ахир импорт товарларнинг арзонлашиши кимга ҳам ёқмайди дейсиз? Лекин иқтисодчилар ва экспортёрлар ҳақида бундай деб бўлмайди.

Экспортёрлар масаласи тушунарли: сўмнинг мустаҳкамланиши улар ишлаб чиқарадиган маҳсулотнинг таннархини ошириб, ташқи бозорларда рақобатдошлигини камайтиради. Энди иқтисодчиларга келсак: хўш, улар доллар курси тушаётганидан нега хурсанд эмас?

Гап шундаки, иқтисодий ўсиш учун барқарорлик – энг асосий омил. Охирги ойларда валюта бозорида кузатилаётган ҳолат эса, узоқ муддатли тренддан оғишиш ва чекланган давомийликка эга ташқи шок демакдир. Бундай шарт-шароит ноаниқликлар туфайли инвестиция қарорларини кечиктиради. Қолаверса, арзон доллар сабаб бир муддат сунъий устунликка эга бўлиб қолган импорт олдида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар синиши мумкин. Бунинг оқибатлари шокнинг таъсири ўтиб кетганидан кейин кўринади.

Ўзи умуман, Ўзбекистон каби мамлакатлар учун миллий валюта узоқ муддатли трендда секин-аста қадрсизланиб бориши табиий, чунки иқтисодиётда мавжуд чуқур таркибий муаммолар шуни тақозо қилади. Миллий валюта курсининг мустаҳкамланиши ана шу муаммоларнинг ечилиши билан боғлиқ бўлмаса, бу худди “осмондан ёғилган пул”дек бўлиб қолади, бу эса мавжуд вазият ҳақидаги чалғитувчи картинани юзага келтириш орқали, янглиш қарорларга сабаб бўлиши мумкин.

Шу сабабли иқтисодчилар бундай вазиятларда улкан қўшимча даромадни худо берди деб бугуннинг ўзида иқтисодиётга киритиб юборишни эмас, стратегик захирага айлантиришни тавсия қилади.

Хусусан, иқтисодчи Отабек Бакиров “Олтиндан супердаромадлар сўмни мустаҳкамлаши эмас, захираланиши керак” сарлавҳали постида шундай ёзади:

“Биз ҳар унция олтиндан ортиқча 1400-1600 долларни самарадорлик туфайли ишлаб топаётганимиз йўқ. Бугун сўмнинг мустаҳкамланиб бораётгани ҳам иқтисодиётимиз, ташқи савдо ва хусусан экспортимизнинг чуқур муаммолари ариганидан дарак бермайди. Яъни бу – атипик мустаҳкамланиш. Амалда йўқ жойдан, қулай конъюнктура Ўзбекистонга бир неча миллиард долларлик қўшимча даромадларни совға қилмоқда. Биз бу совғани захиралаш ўрнига, истеъмолга йўналтирмоқдамиз”.

Иқтисодчи Миркомил Холбоев ортиқча даромадларни иқтисодиётдан тўлиқ чиқариб олишга чақирди:

“Ҳозирги шарт-шароитларда қимматбаҳо металлардан келаётган даромадлар захираларга йўналтирилиши керак. Лекин бу Марказий банкнинг олтин ҳисобига сўм чиқариши ҳамда стерилизацияни тўлиқ амалга оширмаслиги шаклида эмас, балки ўша ортиқча даромадларнинг иқтисодиётдан тўлиқ чиқиб кетиши кўринишида бўлиши керак”.

Иқтисодчи Аҳлиддин Маликовга кўра, ҳозирги вазият Ўзбекистон учун том маънодаги суверен бойлик жамғармасини тузиш зарурлигини кўрсатяпти. Хомашё экспортига таянадиган мамлакатларда СБЖлар валюта волатиллигининг олдини олишда айниқса муҳим аҳамиятга эга. Дунёдаги энг йирик суверен бойлик жамғармаси – 1,9 триллион долларлик активларга эга Норвегия пенсия фонди бўлиб, ҳукумат 1990-йиллардан бошлаб нефт ва газдан тушумларнинг мўлжалдагидан ортиқ қисмини шу фондга йўналтириб келади.

“Ўзбекистондаги Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси амалда суверен бойлик жамғармаси вазифасини бажариб келмоқда. Бироқ, жамғарманинг маблағлари кўпинча давлат банклари ёки йирик лойиҳаларни молиялаштириш учун ишлатилади. Бундан ташқари, жамғарма ўз фаолияти ва инвестициялари тўғрисида тўлиқ ва мунтазам равишда очиқ ҳисоботлар бериб бормайди”, – дейди Аҳлиддин Маликов.

Шу тариқа, иқтисодчилар олтиндан ҳозирги юқори тушумларни иқтисодиётга тўлиқ киритиб юбормасдан, жамғариб боришга чақиряпти. Чунки сўмнинг мустаҳкамланиши чўзилиб кетса, бунинг таъсири зарарга хизмат қилиши мумкин. Миллий валютанинг барқарор ва узоқ муддатли қадри ошиши эса, суд-ҳуқуқ тизимининг мустақиллигини ошириш, савдони эркинлаштириш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобатни кучайтириш каби таркибий ислоҳотларга боғлиқ бўлиб қолаверади.

Мавзуга оид