Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Куз салқин об-ҳаво билан бошланади
Салқин ҳаво билан бошланадиган сентябр кейинроқ минтақага иссиқ тўлқинларни олиб келади. Куз давомида антициклонлар юз бериб, сентябрда охирида ёғинли кунлар кутиляпти. Ла-Нинйо таъсири сабаб, сентябр-октябр ойлари меъёр ва меъёрдан бироз иссиқроқ, ноябр эса салқин кечиши мумкин. Kun.uz'да об-ҳаво прогнози билан – иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов.
Қозоғистондан ўтиши кутилаётган кенг масштабли антициклоннинг бир чекаси республика территориясидан ўтиб, кундузги ҳаво ҳароратини +30...+35 даражагача бўлишини, тунги ҳароратнинг эса +15, тоғларда +10 даражагача пасайишини таъминлайди.
Сентябрнинг 4-саналаридан ҳаво ҳарорати яна кўтарилиб бориб, республиканинг катта қисмида +35...+38 даражагача – одатий сентябр бошига хос иқлимий вазиятни туҳфа этади. Ой ўрталарида икки-уч кунлик иссиқ ҳаво тўлқини ҳудудларга таъсир этади. Ойнинг учинчи декадасигача республика бўйлаб деярли ёғингарчилик бўлмаслиги кутиляпти. Учинчи декадага келибгина кузги ёғинларга гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Кузни прогноз қилишдан олдин, Тинч океани марказидаги Эл-Нинйо ва Ла-Ниня ҳодисалари шаклланишига эътибор қаратамиз. Айни кунларда Тинч океани марказида океан суви ҳарорати кўп йиллик иқлимий меъёрдан 1 даража пасайиб, пассив Ла-Ниня табиатини улашмоқда. Бу каби ҳолатларда минтақамизда куз ойларида у қадар кўп ёғин бўлмаган. Аммо, Самарқанд, Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва водий вилоятилари бўйлаб куз учун бироз кўпроқ ёғинлар тушиши мумкин.
Ла-Нинйо фаол даврларда минтақада кузги антициклонал жараёнларнинг фаоллилиги азалдан ортган. Демак, умумий куз мавсуми у қадар иссиқ бўлмаслигини тахмин қилишимиз мумкин. Ўтган 8 ойлик кузатувларда Ўзгидрометнинг кўплаб станцияларида 2021 йил ойларига мос ҳарорат режими такрорланди. Шу асосда фикр юритсак, сентябр ва октябр ойлари ҳарорат бўйича меъёр ва меъёрдан бироз юқори, ноябр эса салқин бўлиши кутилмоқда.