Украина бригадаси командири қийноқлар учун қўлга олинди
Украина қуролли кучлари бригадаси раҳбарияти коррупцияда ва аскарларни камситишда гумонланмоқда. Аскарлар калтакланган ва бригада командири учун уй қуришга мажбурланган. Бригада зобити аскарларни қийноққа солиб, улардан бирини хочга боғлаб қўйгани тасвирлари тарқалган.
Украина Давлат тергов бюроси ходимлари Украина қуролли кучларининг 211-понтон-кўприк бригадаси командири, полковник Олег Побережнюкни Тернопилда қўлга олиб, Киевга олиб келишди. «Украинская правда» ва «РБК-Украина» нашрлари хабарига кўра, бир кун олдин унинг уйида тинтув ўтказилган.
Побережнюкка Украина ЖК 426-моддаси, 4-қисми (ҳарбий амалдорнинг ҳарбий ҳолат шароитидаги ҳаракатсизлиги) бўйича гумонланаётгани ҳақида хабар беришган. Бу модда бўйича айбланувчилар етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Тергов маълумотига кўра, бригада командири 2024 йил февралидан июлига қадар бўлган муддатда ўз қўли остидаги офицер томонидан оддий аскарларга нисбатан содир этилган қийноқ ва ноинсоний муносабат бўйича кўплаб фактлардан хабардор бўлган, аммо бунга муносабат билдирмаган ва офицерни жавобгарликка тортиш бўйича ташаббус кўрсатмаган.
«Мавжуд маълумотларга кўра, қўл остидаги ҳарбий хизматчиларни калтаклаган ва қийноққа солган катта лейтенант кўрсатилган ҳарбий қисм штаби бошлиғи, бригада командирининг яқин дўстининг ўғли ҳисобланган», — дейилади Давлат тергов бюроси пресс-релизида.
Декабр ойи ўрталарида «Украинская правда» нашри 211-понтон-кўприк бригадасида қўмондонлик томонидан содир этилган кўплаб қонунбузарликлар, қариндош-уруғчилик, товламачилик, пул ундириш, калтаклаш ва ҳарбий хизматчиларни таҳқирлаш ҳолатлари фош этилган суриштирув эълон қилганди. Бу бригада муҳандислик ишларини бажаришга (понтон кечувлар қуриш, мудофаа позицияларини жиҳозлаш) ихтисослашган ва олдинги чизиқдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаган.
Суриштирувдаги асосий фигурантлар Олег Побережнюк, ва биринчи баталён взводи командири, катта лейтенант Владислав Пастух эди — у бригада штаби бошлиғи, бригада командирининг яқин дўсти подполковник Валерий Пастухнинг ўғли бўлган. Журналистларнинг маълумотига кўра, Пастух мунтазам равишда жангчиларни пиёдалар бўлинмасига ўтказиш билан таҳдид қилиб, улардан пул ундирган ва жисмоний куч ишлатган. Масалан, у алкогол истеъмол қилган ва бу ҳолат бўйича протокол тузилмаслиги учун пул тўлашдан бош тортган ҳарбий хизматчини калтаклаган. Владислав Пастух аскарлардан бирини ёғочдан ясалган хочга боғлаб қўйиб, унинг фонида суратга тушган.
Пастух қўл остидагиларни таҳқирлашда гумонланаётгани тўғрисида хабар топгач, ҳуқуқ-тартибот органларидан яширинган.
Побережнюкка эса полиция олдинроқ мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда гумонланаётгани тўғрисида маълум қилганди. «Украинская правда» суриштирувида полковник тўрт нафар ҳарбийни Хмелницкая областидаги ўз уйида қурилиш ишларига жалб этгани айтилган, ҳолбуки ҳужжат бўйича улар Херсон областидаги «Катран» денгиз пиёдалар бўлинмаси таркибида фронт чизиғига командировкага юборилган ҳамда оширилган миқдорда тўловлар олган.
19 декабр куни суд Побережнюкни ушбу айблов бўйича ҳибсга олган, аммо кейинги куни бригада командири 908 400 гривна миқдоридаги гаров пули эвазига озодликка чиққан.
Украина қуролли кучлари бош штаби журналистлар материалида келтирилган ҳарбий хизматчиларни таҳқирлаш фактлари текширилишини маълум қилган. Текширув вақтида ҳарбий қисм командири хизмат вазифасидан четлатилган. Украина мудофаа вазирлиги ва Олий раданинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитро Лубинец ҳам хизмат текшируви ўтказишини маълум қилган.
Мавзуга оид
16:37 / 02.01.2025
Украина Халқаро жиноий суднинг тўлақонли аъзоси бўлди
21:56 / 01.01.2025
Россиянинг энг катта мағлубиятларидан бири — Зеленский Россия гази транзитини тўхтатилиши ҳақида
17:01 / 01.01.2025
Украина тарихда илк бор денгиз дрони билан Россия вертолётини уриб туширди. Бу қандай уддаланди?
16:22 / 01.01.2025