Жаҳон | 15:09
496
3 дақиқада ўқилади

Норвегия Украинага 340 млн евро ёрдам ажратмоқда

Норвегия Украинага ажратаётган 340 млн евро маблағлар мамлакатнинг энергетика сектори ва давлат бюджети қўллаб-қувватланишига йўналтирилади, деб хабар қилди Киевга келган Норвегия ТИВ раҳбари Эспен Барт Эйде.

Андрей Сибиха ва Эспен Барт Эйде Фото: regjeringen.no

Норвегия Украинага 340 млн евро миқдоридаги шошилинч ёрдам пакетини ажратмоқда. Бу ҳақда скандинав қироллиги ташқи ишлар вазири Эспен Барт Эйде душанба куни, 12 январда Киевга ташрифи чоғида маълум қилди.

Норвегия ҳукумати шу куни эълон қилган матбуот релизида айтилишича, ушбу маблағлар энергетика секторини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади ва Украинанинг “фуқаролар учун муҳим хизматларни таъминлаши”га ҳам ёрдам беради. Норвегиянинг NRK медиакомпанияси хабар беришича, гап, хусусан, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари ва давлат хизматчиларига иш ҳақи тўлаш, шунингдек пенсиялар ва ижтимоий ёрдамларни молиялаштириш ҳақида кетмоқда. Таъкидланишича, мазкур йўналишлар Норвегия учун Украинага ёрдам кўрсатишда устувор ҳисобланади ва Киев аввалроқ айнан шу соҳаларда Ослодан қўллаб-қувватлов сўраган.

“Норвегия ва халқаро ҳамжамият томонидан фуқаролик ёрдами Украина жамияти аҳоли учун энергетика, инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва таълим каби базавий хизматларни сақлаб туриши учун зарур”, — деб иқтибос келтиради NRK ўз сайтида Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёренинг баёнотини.

Ўз навбатида, қироллик ташқи ишлар вазири Эспен Барт Эйде Украина пойтахтидаги матбуот анжуманида чиқиш қилар экан, “Украина инфратузилмасига жуда кўп зарбалар берилмоқда”, деб эслатди. “Шунинг учун фронтдан узоқда бўлган оддий одамлар ҳам электр узилишининг оқибатларини ўз бошидан кечиряпти. Улар электр таъминотини тиклашда жуда яхши иш қиляпти, аммо бунинг учун уларга ёрдам керак”, — дея таъкидлади норвегиялик вазир.

Ўз навбатида, Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха норвегиялик ҳамкасбининг ташрифини изоҳлар экан, икки мамлакат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларининг аҳамиятини таъкидлади.

Украина дипломатияси раҳбари X микроблогига ёзишича, Эспен Барт Эйде билан учрашувда у Украина ва Норвегиянинг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги, Россиянинг Украинага қарши урушида тинчликка эришиш бўйича саъй-ҳаракатлар, шунингдек, мамлакат мудофааси ва барқарорлиги масалаларини муҳокама қилишни режалаштирмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид