Ўзбекистон | 11:08 / 12.11.2025
2332
2 дақиқада ўқилади

Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилади — Президент фармони

Президент фармонига мувофиқ, АҚШ томони билан ҳамраисликда Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши тузилади. Кенгаш стратегик бизнес ташаббусларини мувофиқлаштириш, йирик инвестиция ва савдо лойиҳаларини илгари суриш ҳамда мониторинг қилиш билан шуғулланади.

Кенгашни ташкил этиш бўйича келишув президентнинг 4–6 ноябр кунлари АҚШга ташрифи давомида «С5+1» саммити доирасида эришилган.

Ўзбекистон томонидан Кенгаш таркиби, регламенти ва тартиб-таомилларини Президент Администрацияси раҳбари тасдиқлайди.

Устувор вазифалар:

  • стратегик ташаббуслар, йирик инвестиция ва савдо лойиҳаларини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш;
  • Ўзбекистонга қўшимча инвестициялар жалб этиш учун махсус инвестиция фонди яратиш, DFC, ЕТТБ, ХМК, ОТБни жалб этиш;
  • тариф ставкаларини ўзаро пасайтириш бўйича музокараларни давом эттириш;
  • IT-парк резидентлари маҳсулот ва хизматларини АҚШда тизимли илгари суриш;
  • инвестиция портфели, шу жумладан валюта захиралари диверсификацияси бўйича таклифлар.

2026 йил 1 январдан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ҳузурида Президент Администрациясининг маслаҳатчи-элчиси лавозими жорий этилади (тайинлаш — ПА раҳбари ваколати).

ТИВ ва ИССВга АҚШдаги элчихона штати ва қўшимча консулликларни кўпайтириш бўйича таклиф тайёрлаш (Филаделфия, Чикаго, Орландо, Сиэтл устувор), диаспора билан самарали ҳамкорлик моделини йўлга қўйиш топширилди.

2026 йил 1 январдан АҚШдаги инвестиция фаолияти бўйича резидентларнинг операциялари (устав фондига иштирок ва ҳ.к.) — чекловларсиз, Ўзбекистон банкларидаги резидент ҳисоблари доирасида амалга оширилади (Марказий банк — зарур ўзгартишларни тайёрлайди).

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк мамлакат инвестиция активлари ва захиралари тузилмасини фойдали ва ликвид активларга (шу жумладан, АҚШдаги) йўналтириш бўйича таклифлар киритади.

Кенгашнинг АҚШдаги доимий офисининг ижро органи штати (АҚШ мутахассислари иштирокида) шакллантирилади, регламент ва тартиб-таомиллар 20 кун/1 ой муддатларда тайёрланади, ўзаро инвестицияларни ҳимоя қилиш битими бўйича музокаралар бошланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид