Жамият | 11:12 / 24.01.2026
6891
1 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда қор бўронида қолиб кетган 10 нафар фуқаро қутқарилди

Деҳқонобод туманида кучли шамол сабаб кузатилган қор бўрони оқибатида автомобил йўлида бир нечта машина ҳаракати чекланиб, фуқаролар йўлда қолиб кетган. Ҳодиса юзасидан ФВВ қутқарувчилари 10 нафар фуқарони хавфсиз ҳудудга олиб чиқди.

Фото: ФВВ

Кеча, 23 январ куни соат 18:00 да Қашқадарё вилояти ФВБга Деҳқонобод туманининг «Мустақиллик» МФЙ ҳудудидан ўтган автомобил йўлида кучли шамол натижасида қор бўрони кузатилгани ҳақида мурожаат келиб тушган. Хабарда айтилишича, об-ҳавонинг кескин ёмонлашиши сабаб йўлнинг айрим қисмларида бир нечта автомобилларнинг ҳаракати чекланган ва фуқаролар йўлда қолиб кетган. Уларга тезкор амалий ёрдам зарур бўлган.

Мурожаат асосида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари махсус йўл танламас автомобилда кўрсатилган манзилга йўл олган. Қутқарув ишлари давомида қийин аҳволга тушиб қолган 10 нафар фуқаро хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган.

ФВВ фуқароларни қишки мавсумда об-ҳаво шароити кескин ўзгариши мумкинлигини инобатга олиб, йўлга чиқишдан олдин ҳаво маълумотларини кузатиб бориш, зарур ҳолларда йўлга чиқмаслик ҳамда фавқулодда вазиятларда тезкор хизматларга мурожаат қилишга чақирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид