Ўзбекистон | 17:24 / 29.12.2020
6636
3 дақиқада ўқилади

Бундан буён барча давлат харидлари жамоатчилик ва парламент назоратида бўлади - Шавкат Мирзиёев

Бундан буён барча давлат харидлари жамоатчилик ва парламент назорати остида бўлади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев парламент ва халққа мурожаатида айтиб ўтди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Мурожаатда ҳозирги кунда давлат харидларида атиги 4 фоиз тадбиркор қатнашаётгани, келгуси йилда 24та йирик давлат корхонасига давлат хариди бўйича очиқ-ошкора талаблар жорий этилиши маълум қилинди.

«Натижада маҳаллий тадбиркорларимиз ҳар йили камида 10 триллион сўмлик маҳсулотларини ушбу корхоналарга сотиш имкониятига эга бўлади.

Бундан буён барча давлат харидлари жамоатчилик ва Парламент назоратида бўлади», деди Шавкат Мирзиёев.

Президент коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шартлигини таъкидлаб ўтди.

«Бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарур. Коррупция ўта оғир жиноят экани ва унга нисбатан муросасиз бўлиш ғоясини фарзандларимизга ёшлик давридан бошлаб сингдиришимиз, уларга фақат ҳалол меҳнат ва тадбиркорлик орқали даромад топишни ўргатишимиз лозим.

Шунингдек, коррупциянинг олдини олишда барча давлат органларида қарор қабул қилиш жараёнлари очиқ ва фақат очиқ бўлишини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Масалан, фуқароларимиз жорий йилдан бошлаб, очиқ эълон қилинаётган давлат харидларига оид маълумотлардан фойдаланиб, ўринли масалаларни кўтармоқда.

Молия вазирлиги уч ой муддатда давлат идоралари бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромад ва харажатлари, давлат улушига эга бўлган ташкилотлар харидлари, давлат субсидия ва грантларига оид маълумотларни эълон қилиш амалиётини йўлга қўйсин.

Бундан ташқари, охирги икки йилда ҳокимларнинг 2,5 мингга яқин қарори судлар томонидан бекор қилингани бундан буён уларнинг қарор қабул қилишида очиқликни таъминлаш зарурлигини тақозо этмоқда.

Шунинг учун, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларини ҳисобга қўйиш ва эълон қилиш бўйича электрон ахборот тизими жорий этилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бир ой муддатда очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини кенгайтириш бўйича таклиф киритсин.

Коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаларидан бири кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг очиқ тизимини йўлга қўйишдан иборат.

Ушбу тизим асосида кадрларни танлашда эски усуллардан воз кечиб, уларнинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий фазилатларини баҳолайдиган очиқ ва ошкора танлов тизими жорий этилади.

Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат хизматчиларини мунтазам ўқитиш ва билимини баҳолаб бориш тизими йўлга қўйилади», деди президент.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид