Ўзбекистон президенти 2025 йил 30 декабр куни коррупцияга курашишга оид фармон имзолади.

Фармон билан, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

  • коррупцияни олдини олиш бўйича давлат органлари ва ташкилотларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш ҳамда услубий ёрдам кўрсатиб бориш;
  • давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши Миллий сертификатлаштириш менежмент тизимини жорий этиш;
  • амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва улардаги коррупциявий хавф-хатарларни бартараф қилиш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг коррупциявий хавф-хатар даражаси юқори бўлган вазифа ва функцияларини рақамлаштириш бўйича таклифлар ва минимал талабларни ишлаб чиқиш;
  • “E-qaror” тизимида қабул қилинадиган ҳужжатларни эълон қилишда очиқликка оид қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш ва очиқликни таъминлаш бўйича таъсирчан чораларни қўллаш;
  • халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича қарорлар қабул қилишда коррупциявий омиллар, шу жумладан, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ҳамда олдини олиш.

E-qaror'да очиқлик назорати

“Белгилансинки, республика ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган ҳужжатларни “E-qaror” электрон тизимида асоссиз равишда эълон қилмаслик, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш деб ҳисобланади ҳамда тегишли жавобгарликка тортишга асос бўлади”, – дейилади фармонда.

Ҳимоя ордери

Коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни меҳнат қонунчилигининг бузилиши, шу жумладан, меҳнат фаолиятида таъқиб, тазйиқ ҳолатларидан ҳимоя қилиш мақсадида, Агентлик томонидан ҳимоя ордерини бериш амалиёти жорий қилинади.

Ички назорат бўлинмалари

Давлат органлари ва ташкилотларидаги коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг фаолияти Агентлик билан узвий ҳамкорликда ташкил этилади.

Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг раҳбар ва ходимлари фаолиятига самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) қўлланилмайди. Уларга KPI'га боғланган устамалар максимал миқдорда тўланади.