Ўзбекистон | 18:51 / 27.02.2019
4172
2 дақиқада ўқилади

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги жаҳоннинг етакчи халқаро рейтинг агентлиги билан ҳамкорлик битимини имзолади

Бугун, 27 февраль куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги «Илм-фан – 2020» миллий ривожланиш дастури доирасида Times Higher Education халқаро рейтинг агентлиги ва Elsevier компанияси билан уч йилга мўлжалланган ҳамкорлик битимини имзолади.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Битимга кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Times Higher Education халқаро рейтинг агентлиги билан юртимиздаги олий таълим муассасаларининг жаҳон илм-фани оламидаги мавқеини мустаҳкамлаш, таълим бозорида рақобатбардошлигини ошириш, қолаверса, дунёнинг етакчи илмий-таълим марказлари, нуфузли университетларнинг халқаро рейтингига маҳаллий университетларни киритиш йўлида биргаликда ҳаракат қилади.

Келишув доирасида вазирлик республикадаги энг яхши университетлар ректорлари ва проректорларидан иборат Times Higher Education экспертлари билан биргаликда ишлайдиган ишчи гуруҳни шакллантиради. Мазкур ишчи гуруҳ аъзолари ноёб маълумотлар ва таҳлиллардан фойдаланиш имконига эга бўладилар ҳамда ривожланишнинг устувор вазифалари ва институционал  стратегиясини ишлаб чиқишда Times Higher Educationнинг доимий кўмагидан фойдаланишади. Ушбу битим хорижий илмий-таълим марказлари билан янада фаолроқ ҳамкорлик қилиш имконини беради.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Шунингдек, бир пайтнинг ўзида вазирлик жаҳонга машҳур Elsevier нашриёт уйи билан SciVal ахборот-таҳлилий портали маълумотларидан фойдаланиш бўйича Битим имзолади. Мазкур келишув республика олий таълим муассасаларига нуфузли халқаро илмий ахборотлар манбасидан фойдаланиш, илмий тадқиқотлар соҳасида самарадорликни ошириш пировардида университетларнинг халқаро глобал рейтингига кириш имконини беради.  

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид