Ўзбекистон | 23:12 / 05.10.2025
26478
3 дақиқада ўқилади

Божхона қўмитаси iPhone 17 смартфонини олиб киришдаги тўловлар ҳақида маълумот берди

Мобил қурилманинг божхона қиймати белгиланган нормадан ортган тақдирда, чекланган меъёрлардан ортиқ қисмига нисбатан 30 фоиз миқдорида ягона божхона тўлови ундирилади. Шунингдек, божхона органлари томонидан божхона кирим ордерини тўлдириш ва расмийлаштириш учун БҲМ 25 фоизи (103 000 сўм) миқдорида божхона расмийлаштируви учун йиғим ундирилади.

Божхона қўмитаси чегара орқали нотижорат мақсадида мобил қурилмаларни олиб киришда тўловлар бўйича маълумот берди.

Қайд қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 апрелдаги 244-сон қарори билан жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжи учун нотижорат мақсадларида республикага олиб кириладиган товарларнинг божсиз олиб кириш нормалари ҳаво транспортида 1000 АҚШ доллари, темирйўл ва дарё транспортида 500 АҚШ доллари, автомобил (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали 300 АҚШ доллари этиб белгиланган.

Бунда, мобил қурилма божхона қиймати белгиланган нормадан ортган тақдирда, чекланган меъёрлардан ортиқ қисмига нисбатан 30 фоиз миқдорида ягона божхона тўлови ундирилади.

Шунингдек, божхона органлари томонидан божхона кирим ордерини тўлдириш ва расмийлаштириш учун БҲМ 25 фоизи (103 000 сўм) миқдорида божхона расмийлаштируви учун йиғим ундирилади.

Ўз навбатида, мобил қурилманинг божхона қиймати чеклар, квитанциялар ва (ёки) бошқа тижорат ҳужжатлари билан тасдиқланган, маълум қилинган қийматдан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Шахс томонидан маълум қилинган товарларнинг божхона қиймати тўғри белгиланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва маълумотлар бўлмаган тақдирда божхона органи товарларнинг божхона қийматини мустақил равишда белгилайди. Бунда, божхона органи ўз ихтиёрида мавжуд бўлган нархлар тўғрисидаги ахборотдан яъни божхона юк декларациялари электрон база маълумотлари ва муқобил манбаларидан олинган нархлардан фойдаланади.

Таъкидланишича, муқобил манбалардан олинган нархларга ишлаб чиқарувчи корхоналар ёки етказиб берувчиларнинг расмий эълон қилинадиган маълумотномалари, бюллетенлари, прайс-варақлари ва бошқа ишончли манбалар киради.

Мисол учун, iPhone 17 русумидаги мобил қурилма олиб кирилганда, унинг божхона қиймати агар харид чеки, квитанцияси ва (ёки) бошқа тижорат ҳужжатлари мавжуд бўлса, ундаги қийматдан келиб чиқиб, агар мавжуд бўлмаса Apple компаниясининг фуқаро келаётган давлатдаги расмий сайтидаги нархларга асосланилади.

Божхона қўмитаси АҚШ, БАА, Жанубий Корея ва Хитойдан олиб кириладиган iPhone 17 смартфонлари нархлари ҳақида маълумот берди

Таъкидланишича, қурилмаларнинг божхона қиймати улар олиб кирилаётган давлатдаги нархларга чамбарчас боғлиқ.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 20 июлдан бошлаб, 1-2 кунга хорижга чиққанлар Ўзбекистонга божсиз товар олиб киролмайди. Самолётда келувчилар Ўзбекистонни тарк этганига 3 кундан ошмаган бўлса, божсиз лимитдан фойдалана олмайди. Поезд ё автомобилда ёки пиёда келувчилар учун эса бу муддат 2 кунни ташкил этади.

Божсиз товар олиб кириш лимитлари эса 2025 йил 1 майдан эътиборан самолётда келувчилар учун 2000 доллардан 1000 долларга, поездда келаётганлар учун 1000 доллардан 500 долларга пасайтирилган эди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид