Ўзбекистон | 16:47 / 07.09.2023
13764
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда қурилиш қилиш мақсадида 19 туп дарахтни қуритишга уриниш бўлди

Қурилиш қилиш кўзда тутилган жойдаги дарахтларни кесишнинг имкони бўлмагач, уларнинг туби дрел ёрдамида тешилиб, ўсимликни қуритадиган суюқлик қуйилгани айтилмоқда. Тошкент шаҳар прокуратураси жиноят иши қўзғатди.

Фото: Экология вазирлиги

Экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев 30 август куни Тошкентнинг Олмазор тумани Чилтўғон (Тахтапул) маҳалласи ҳудудида дарахтларга зарар етказилгани ҳақида видео эълон қилди.

“Тадбиркор қурилиш қилмоқчи бўлган. Бироқ маҳалла аҳли ва экологлар бу ердаги яшнаб турган дарахтларнинг кесилишига қарши. Кесишнинг имкони бўлмагач, атроф ўралиб, кўздан пана ҳолда дарахтларнинг туби тешилиб, дарахтни қуритадиган суюқлиқлар қуйилган. Буни дарахтларга қарши суиқасд дейиш мумкин.

Афсуски, қурилиш ва пул дарди баъзи “тадбиркор”ларни келажакни завол қилишдан ҳам қайтармаяпти”, – деб ёзган вазир маслаҳатчиси.

Экология вазирлиги 6 сентябр куни берган маълумотга кўра, “Airport House Builders” МЧЖга тегишли бўлган ҳудудда жами 19 туп манзарали дарахтларга қасддан қуритиш мақсадида зарар етказилгани аниқланган.

Табиатни муҳофаза қилиш органи ўсимлик дунёсига етказилган зарар қийматини 1 млрд 97 млн 184 минг сўмга баҳолаган. Тегишли ҳужжатлар прокуратурага оширилган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, 5 сентябр куни Тошкент шаҳар прокуратураси ҳолат юзасидан ЖКнинг 198-моддаси З-қисми билан жиноят иши қўзғатган.

Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисмида “экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантириш, пайҳон қилиш, нобуд қилиш кўп миқдорда зарар етказилиши” ҳақида гап боради. Бундай ҳаракат учун БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси мавжуд.

Шу билан бирга, етказилган моддий зарарнинг ўрни 3 карра миқдорида қопланган тақдирда, айбдорга озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланмайди.

Мавзуга оид