Ўзбекистон | 17:05 / 11.06.2024
19391
2 дақиқада ўқилади

“Саидазиз медгородок” ишида судланаётганлардан бири собиқ ИИБ ходими - видео

Суд курсисида ўтирган 29 шахсдан бири Улуғбек Раҳимов собиқ ИИБ ходими ҳисобланади. У ишда жабрланувчи сифатида қатнашаётган Хуршид Йўлдошев билан ўрталаридаги пул олди-бердисини ҳал қилишда Саидазиз Саидалиевнинг “хизмати”дан фойдаланган.

Фото: Олий суд

“Саидазиз медгородок” ишида судланаётганлардан бири Улуғбек Раҳимов ИИБ тизимида ишлаган. Бу ҳақда судланувчининг ўзи суд мажлисида баён қилди.

Улуғбек Раҳимов Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани “паспорт столи” (ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими) бошлиғи лавозимида фаолият юритган. У мазкур тизимда ишлаб, пенсияга чиққан.

Kun.uz манбасининг таъкидлашича, Улуғбек Раҳимов ва судда жабрланувчи сифатида иштирок этаётган тадбиркор Хуршид Йўлдошев ўртасида ер участкасини расмийлаштиришда пул билан боғлиқ низо келиб чиққан. Собиқ ИИБ ходими ушбу олди-бердини ҳал қилиш мақсадида Саидазиз Саидалиевга мурожаат қилиб, унинг “хизмати”дан фойдаланган.

Ҳолат жиноят иши қўзғатилиши ва Саидазиз Саидалиев ҳибсга олинишидан анча аввал содир бўлган. Бу учлик ўртасида масала қандай шартлар асосида ҳал бўлгани манбага маълум эмас.

Тадбиркор Хуршид Йўлдошев Тошкент шаҳар ИИББнинг Саидазиз Саидалиевдан жабрланган фуқаролар мурожаат қилишлари мумкинлиги ҳақидаги эълонидан сўнг юқоридаги ҳолат бўйича мурожаат қилган.

Эслатиб ўтамиз, бугун жиноят олами вакили сифатида «Саидазиз медгородок» лақаби билан танилган Саидазиз Саидалиев ва яна 28 кишига нисбатан суд жараёнлари бошланди. Уларнинг аксарияти товламачилик, фирибгарлик, безорилик, пора бериш, ўғрилик, ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш каби қатор жиноятларни содир қилганликда айбланмоқда

Мавзуга оид