Жамият | 17:59 / 03.03.2021
24462
5 дақиқада ўқилади

Жиззахда тез тиббий ёрдам шифокори калтакланди

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида тез тиббий ёрдам шифокори калтакланган. Оқибатда унинг орқа мия соҳаси ва бурун атрофига зарар етиб, ҳушидан кетган ва шошилинч тез тиббий ёрдам Жиззах бўлимининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Бу ҳақда жабрланувчининг ўғли Kun.uz’га маълум қилди.

Фото: Видеодан кадр

Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани тиббиёт бирлашмасининг тез тиббий ёрдам бўлимига қарашли Қанғли тез тиббий ёрдам кўрсатиш шохобчасида ишловчи шифокор Хайрулла Маҳкамов 1 март куни тунда туманнинг Халқобод маҳалласи Шароф Рашидов кўчасида жойлашган 67-уйга чақирув бўйича борганида хонадон эгалари томонидан калтакланади. Оқибатда шифокор йиқилиб тушади ва орқа миянинг лат ейиши жароҳати билан ҳушини йўқотади.

Қанғли тез тиббий ёрдам кўрсатиш шохобчаси бош врачи Улуғбек Маматқуловнинг маълум қилишича, уларга Халқобод маҳалласидан чақирув 22:23 да тушган. Тез ёрдам бригадаси манзилга 22:31 да етиб борган. Шифокор Хайрулла Маҳкамов калтакланиш оқибатида бош мия ёпиқ жароҳати, бурун синиши, юмшоқ тўқималар лат ейиши ташхислари билан шошилинч тез тиббий ёрдам Жиззах бўлимининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Хайрулла Маҳкамов билан ўша куни чақирувга бирга борган ҳамшира Малоҳат Тошмуродованинг маълум қилишича, улар хизмат бўйича юрганида Халқобод маҳалласидан тушган чақирув ҳақида хабар беришган.

Малоҳат Тошмуродова

«1 март куни тунда Халқобод маҳалласидан тушган чақирув ҳақида хабар беришганда бошқа бир чақирув бўйича борган хонадондан чиқаётган эдик. Зудлик билан Халқободга кетдик. Йўлда Хайрулла ака чақирув бўлган хонадон аъзосининг телефон номерига қўнғироқ қилиб манзил сўради. Шунинг ўзидаёқ у шифокорни тилга олиб бўлмас сўзлар билан ҳақорат қилди. Манзилга етиб боргач, Хайрулла ака машинадан тушгандан уни бир йигит уриб йиқитди. Ўша пайт у боши билан ерга қаттиқ урилган экан ўзидан кетиб қолди. Шундан сўнг менга ҳам зарар етказишмасин деб қоча бошладим. Йигитлардан бири иккинчисига «опага тегма, у онамга қарасин, олиб кир», деди. Ўша хонадонга киришда мен тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилиб шифокорни калтаклашганини, у ҳушидан кетганини айтдим ва ёрдам сўрадим.

Ичкарига кирсам, бемор дейилган аёлнинг ҳолати унча ҳам ваҳима қиладиган даражада эмас экан. Унга биринчи тез тиббий ёрдамни кўрсатдим. Ўша пайтда ҳайдовчимиз ҳушидан кетган шифокорни тез тиббий ёрдам марказига етказиш учун йўлга чиқибди. Бизни чақирган йигитлар эса юк машинасида уни қувиб бориб, йўлини тўсиб орқага қайтариб келишди. Тасаввур қиляпсизми, тез тиббий ёрдам машинаси ичида шифокор ҳушсиз ҳолда, тиббий ёрдамга муҳтож ҳолда ётибди, балки ҳаёти хавф остидадир. Зўравонлар эса ана шу ҳолатда уни ярим йўлдан қайтариб олиб келяпти. Ҳолат жуда ачинарли эди», дейди Малоҳат Тошмуродова.

Ҳолат бўйича Шароф Рашидов тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими Kun.uz’га маълумот тақдим этди. Унда ёзилишича, 1 март куни соат 22:30 ларда Шароф Рашидов туманида шифокор бўлиб ишловчи Хайрулла Маҳкамов шифохонага келиб тушган хабарга асосан, Шароф Рашидов тумани Халқобод маҳалласи Шароф Рашидов кўчаси 67-уйда яшовчи Н.Т.га тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун борган вақтда, унинг ўғли, шу уйда яшовчи Д.О. шифокорга «нега кеч келдингиз?» деб унинг юз-бурун қисмига боши билан зарба бериб тан жароҳати етказади.

Оқибатда шифокор Х.Маҳкамов тан жароҳати олиб Республика шошилинч тез ёрдам ихтисослашган марказининг Жиззах вилояти филиалининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Ҳозирда Х.Маҳкамовнинг олган тан жароҳати оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Ишга алоқадор гувоҳлардан ҳолат бўйича батафсил тушунтириш хатлари олинган.

Таъкидланишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Шароф Рашидов тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид