Ўзбекистон | 15:23 / 27.02.2024
45501
7 дақиқада ўқилади

Бухорода 77 ёшли шифокор ғайриқонуний тарзда озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳукмни чиқарган судяга чора кўриладими?

Суд ҳужжатларида келтирилишича, Вобкент туман прокурори 45 йиллик иш стажига эга шифокорни 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишни сўраган. Суд 80 ёшни қоралай деб қолган қарияни 2 йилга озодликдан маҳрум қилган. Тергов ҳам, биринчи инстанция суди ҳам қилмишни нотўғри малакалаган.

Фото: Kun.uz

Ишнинг қисқача тафсилоти

2022 йил 21 октябр куни Бухоро вилояти Вобкент туман тиббиёт бирлашмаси туғуруқхона бўлимига 36,4 ҳафталик ҳомиладорлик ташхиси билан мурожаат қилган Г.Ҳ.да, кесарча кесиш амалиётини ўтказиш зарурияти бўлмаса-да, шифокор Шамсиддин Ҳамраев жарроҳлик амалиётини ўтказган. Шифокор томонидан зарур интенсив антибактериал даво чоралари қилинмагани ҳамда динамик кузатувлар лозим даражада олиб борилмагани сабабли бемор Г.Ҳ. бачадон ичи ва бутун бачадон яллиғланиши оқибатида оғир тан жароҳати олган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган ва Шамсиддин Ҳамраевга Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми “б” банди билан айблов эълон қилинган.

Судя Акром Раҳимовдан кўр-кўрона ва ғайриқонуний ҳукм

Жиноят ишлари бўйича Вобкент туман судяси Акром Раҳимов иш тафсилотларини тўлиқ ўрганиб чиқмаган ҳамда айблов асосли ёки асоссиз қўйилганини текшириб кўрмаган. У қилмиш қандай малакаланганига ҳуқуқий баҳо бермаган ҳолда шифокорни тергов қайси модда билан айблаган бўлса, шу модда билан ҳукм ўқиб, Шамсиддин Ҳамраевга 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган. Ҳукм эълон қилингач, шифокор дарҳол суд залидан қамоққа олинган.

Ушбу ҳукм ғайриқонуний эканини асослашга уриниб кўрамиз.

Биринчидан, Жиноят кодексининг 50-моддасига кўра, эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этганлик ва қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазо ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга нисбатан тайинланмайди.

Ҳамраев айбланган Жиноят кодексининг 116-моддаси тўртинчи қисми “б” банди эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган қилмиш ҳисобланади. Демак, ушбу ҳолатда шифокорнинг 77 ёшда экани, 45 йиллик меҳнат стажига эга бўлгани унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб бўлмаслигини англатади.

Иккинчидан, Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми “б” банди шахснинг ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли касб юзасидан ўз вазифаларини бажармагани ёки лозим даражада бажармагани эҳтиётсизлик орқасида бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноят кодексининг тузилиши жиҳатдан қаралса, бу малакалаш одамлар (икки ва ундан ортиқ) ўлимига сабаб бўлишдан ҳам оғирроқ ҳисобланади.

Шамсиддин Ҳамраевни жавобгарликка тортишга сабаб бўлган ҳолатда эса одам(лар) ўлмаган, бир нафар шахсга оғир шикаст етган.

Бундай қилмиш эса Жиноят кодексининг 116-моддаси тўртинчи қисми “б” банди билан эмас, ундан бирмунча енгил бўлган, айни шу модданинг биринчи қисми билан малакаланиши лозим эди.

Шахснинг ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли касб юзасидан ўз вазифаларини бажармагани ёки лозим даражада бажармагани баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Яъни бу қилмиш учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланмайди.

Шунча қонуний асос бўлатуриб Шамсиддин Ҳамраев қамоққа олинган ва маълум муддат озодликдан маҳрум бўлиб қолган.

Бу қонунсизликка прокурор ҳам шерик

Бу ишда фақат терговчи ёки судяни танқид қилиш камлик қилади. Ишда давлат айбловчиси сифатида иштирок этган Вобкент туман прокурорининг катта ёрдамчиси Жамол Тошовнинг ҳам ҳаракатлари ҳуқуқий баҳога лойиқ. Боиси у айбловни қувватлаб, суддан Шамсиддин Ҳамраевга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўллашни сўраганди.

Кейин нима бўлди?

77 ёшли қария шифокорнинг қонунларга зид тарзда қамоққа олиниши Вобкентда шов-шувларга сабаб бўлди. Нима хато қилиб қўйганини тушунган туман прокурори дарҳол ҳукмга нисбатан протест киритиб, Шамсиддин Ҳамраевнинг қилмишини 116-модда тўртинчи қисми “б” бандидан 116-модда биринчи қисмига қайта малакалашни сўраган.

Протестни кўриб чиққан апелляция инстанцияси уни қаноатлантирган.

Шамсиддин Ҳамраевнинг қилмиши 116-модда тўртинчи қисми “б” бандидан 116-модда биринчи қисмига қайта малакаланган ҳамда унга фақат 3 йил тиббиёт муассасаларида акушер гинеколог шифокори лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ёпиқ қозон ёпиқлигича қоладими?

Маълумки, Конституциянинг 27-моддаси иккинчи қисмига кўра, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас. Аммо 77 ёшни қаршилаган, 45 йиллик шифокор судя ва прокурорнинг қонунга асосланмаган ва адолатсиз қарори туфайли маълум муддат озодликдан маҳрум бўлди.

Адолатсиз ҳукм қилиш эса бирор бир истисноларсиз жиноий жавобгарлик келтириб чиқаради. Жиноят кодексининг 231-моддасига кўра, олдиндан билатуриб, адолатсиз ҳукм чиқариш — 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

“Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди” қабилида иш тутишга одатланган Олий суд ҳам, Судялар Олий Кенгаши ҳам Вобкент туман судяси Акром Раҳимовни ҳимоясига олса ажаб эмас. Аммо инсон тақдирини сариқ чақа ўрнида кўрмайдиган бу каби судялар жазосиз қолиши ҳам адолатдан эмас, энг камида интизомий жавобгарлиги масаласи кўриб чиқилиши шарт.

Зеро, “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 74-моддасига кўра, одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузгани учун интизомий жавобгарликка тортилиши лозим.

Судяга огоҳлантириш, ҳайфсан, ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима, малака даражасини бир поғонага пасайтириш ҳамда ваколатларини муддатидан илгари тугатиш каби интизомий жазо чораларидан бири қўлланиши мумкин.

“Прокуратура тўғрисида”ги қонуннинг 49-моддаси иккинчи қисмига кўра, прокуратура органлари ходимларининг интизомий ножўя хатти-ҳаракат учун жавобгарлиги масаласи юқори турувчи прокурор томонидан ҳал этилади.

Биз ҳикоя қилган кейсда ишни кўрган судя Акром Раҳимов ҳам, кекса қарияни қонунга хилоф тарзда 5 йилга қамоққа юборишни сўраган прокурор ёрдамчиси Жамол Тошов ҳам жазога лойиқ. Аммо уларга чора кўриладими ёки йўқ, буни вақт кўрсатади.

PS: Шамсиддин Ҳамраев ўзининг ушбу ҳодисада мутлақо айбсиз эканини, у ўзи бажариши лозим бўлган барча тиббий-муолажа амалларини тўғри ва бекаму-кўст бажарганини айтмоқда. У оқлов ҳукми чиқарилиши учун тегишли инстанцияларга мурожаат қилишда давом этмоқда.

Руслан Сабуров
Kun.uz

Мавзуга оид