Жаҳон | 07:35 / 18.08.2024
10357
4 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда намойишлар: шифокорлар ҳукуматдан хавфсизликни таъминлаб беришни талаб қилмоқда

Калкутта шаҳрида ёш шифокор аёлнинг касалхонада номусига тегиб ўлдирилиши Ҳиндистонни ларзага солди. Бунинг ортидан айрим штатларда намойишлар ва иш ташлаш бўлиб ўтмоқда. Улар ҳукуматдан шифокорларнинг шароитлари ва хавфсизлиги билан боғлиқ тизимли муаммоларга ечим талаб қиляпти.

Фото: Идрис Муҳаммад / AFP

Ғарбий Бенгалия штатида стажёр-шифокор аёлнинг хизмат вақтида аввал номусига тегиб, кейин ўлдирилиши ортидан Ҳиндистонда норозиликлар кучайди. Бенгалиядан ташқари Деҳли, Ҳайдаробод ва Мумбай каби штатлардан ҳам норозилик тўлқинлари юзага келган.

31 ёшли аёлга қилинган ҳужум 14 август куни Калкутта шаҳридаги давлат касалхонасида юз берган. Уни сўнгги марта тирик кўрган ҳамкасбларига кўра, у 36 соатлик узоқ давом этган сменадан кейин 3-қаватдаги семинар хонасига кириб дам олган. Тонгда уни кийимлари йиртилган ва ўлик ҳолда топишган.

Бу жиноят мамлакатдаги шифокорлар билан юзага келаётган бахтсиз ҳодисалар ва тизимли муаммоларнинг кўтарилишига сабаб бўлди.

Хусусан, ҳар куни 3500 дан ортиқ беморни қабул қиладиган ушбу касалхонада ҳам стажёр шифокорларнинг баъзилари бир вақтнинг ўзида 36 соатгача ишлайди, шахсий дам олиш хоналари йўқ ва учинчи қаватдаги семинар хонасида дам олишга мажбур бўлади.

Ҳибсга олинган гумонланувчи шифохонага бемалол кириш имконига эга кўнгилли хизматчи бўлган, уни видеокамераларни ёзувлар орқали топишган. Шифохонада кўнгиллилар ҳақида ҳеч қандай текширув ўтказилмаган. Бундай гавжум давлат касалхоналарида шифокорлар кўпинча беморларнинг ўлимидан сўнг ёки зудлик билан даволаниш талаби туфайли уларнинг қариндошлари томонидан зўравонликка дуч келади.

Тизимли муаммонинг яна бир сабабларидан бири – Ҳиндистонда тиббиёт ходимларини ҳимоя қилиш учун кучли федерал қонун йўқ. Айрим штатларидаги юмшоқ қонунлар эса, деярли таъсир кучига эга эмас. Ҳиндистон тиббиёт ассоциацияси (ҲТА) 2015 йилда ўтказган сўров натижаларига кўра, мамлакатдаги шифокорларнинг 75 фоизи иш жойида зўравонликнинг қандайдир шаклини бошдан кечирган.

“Касалхоналарда хавфсизлик деярли йўқ, чунки ҳеч ким шифохоналарни можаро зонаси деб ҳисобламайди”, – дейди ташкилот расмийлари.

Фото: Getty Images

Мамлакатдаги шифокорларнинг энг катта бирлашмаси бўлмиш Ҳиндистон тиббиёт ассоциацияси шошилинч бўлмаган хизматлар учун умумий иш ташлаш эълон қилди. Бошқа шаҳарлардаги шифокорлар уюшмалари ва сиёсий партиялар ҳам бу жиноятга норозилик белгиси сифатида маршлар ўтказишини билдирди.

BBC хабарига кўра, гарчи намойишлар тинч ўтаётган бўлишига қарамай, бир нечта номаълум эркаклар ва полиция ўртасида тўқнашув юзага келган. Улар воқеа содир бўлган шифохонага бостириб кирган ва шошилинч ёрдам бўлимини вайрон қилган.

Воқеага гувоҳ бўлган намойишчилар номаълум кишилар ҳужуми натижасида шифохона ходимлари ва бир қанча докторлар жароҳатланганини айтмоқда. Ҳаттоки полиция машиналари зарарланган, полиция уларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизадиган газларни қўллаган. Айни вақтда 19 киши қўлга олинган.

ҲТА бу ҳолатни намойишчи талабаларга қарши қаратилган ва безорилик, деб атади ҳамда шошилинч бўлмаган тиббий хизматлар кўрсатиш 24 соатга тўхтатилишини эълон қилди.

“Шифокорлар, айниқса аёл шифокорлар зўравонлик қурбони бўлиши эҳтимоли юқори. Ҳукумат шифохона ва кампусларда уларнинг хавфсизлигини таъминлаб қўйиши керак”, деган уюшма ўз баёнотида.

Фото: Getty Images

Намойишлар фуқаролик жамиятининг бошқа уюшмалари, шунингдек сиёсий партияларни ҳам қўзғатган. Жанат Бхаратиянинг оппозициядаги партияси амалдаги ҳукмрон партия Тринамул Конгресс'ни намойишлар вақтида безорилик уюштиришда айблаб чиққан. Ҳукмрон партия буни рад қилган.

31 ёшли аёлнинг ўлими мамлакатни ларзага келтиргани бежиз эмас. Ўтган ҳафтада содир бўлган бу жиноят ортидан Ҳиндистон газеталарида яна 2 та шундай сарлавҳали хабарлар тарқалди.

Уттаракҳанд штатида ҳам ишдан қайтаётган ҳамшира аёл зўрланган ва ўлдириб юборилган. Унинг жасади ўтган ҳафтада кўтарилган шов-шувлар фонида топилган. Бихар штатида эса 6 киши ўсмир қизни зўрлаб ўлдиришда гумонланиб қўлга олинган. Қизнинг жасади сешанба куни тонгда топилган.

Мавзуга оид