Ўзбекистон | 13:48 / 04.10.2024
9052
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ДХХ раиси Абдусалом Азизов Остонада МДҲ давлатларидаги ҳамкасблари билан учрашди

Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт Тўқаев Остонада МДҲ давлатлари хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгашининг 55-мажлиси иштирокчилари билан учрашди. Унда Ўзбекистон ДХХ раиси Абдусалом Азизов иштирок этди.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

4 октябрь куни Остона шаҳрида Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт Тўқаев МДҲ давлатлари хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгашининг 55-мажлиси иштирокчилари билан учрашди. Унда ташкилот Ижроия қўмитаси раҳбари, Ўзбекистон, Озарбойжон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон махсус хизматлари ҳамда МДҲ Антитеррор маркази раҳбарлари қатнашди.

Тадбирда мазкур платформа хавфсизлик соҳасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш воситаси сифатида ўзини намоён этганини, замонавий шароитда Кенгашнинг роли янада ортиб бораётгани таъкидланган.

“Давлат раҳбари тезкор ва таҳлилий маълумотларнинг ўз вақтида алмашинуви минтақавий хавфсизликка таҳдид ва таҳдидларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш имконини беришини, мамлакатларимиз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича келишилган ёндашувларни ишлаб чиқишга хизмат қилишини таъкидлади.

Қосим Жўмарт Тўқаев учрашув якунлари Ҳамдўстлик давлатларининг махсус хизматлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун шарт-шароит яратишига, халқаро хавфсизликни таъминлаш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашишига ишонч билдирди”,дейилади Оқўрда матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Мавзуга оид