Жамият | 08:59
660
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд ва Сурхондарёда йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситалари олиб киришга уриниш тўхтатилди

Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари, Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган йирик миқдордаги “опий” ҳамда “метамфетамин” моддалари мусодара қилинди. Қатор шахслар қўлга олиниб, жиноят ишлари қўзғатилди.

Фото: ДХХ

Самарқанд вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Булунғур туманида яшовчи, 1996 ва 1997 йилларда туғилган икки нафар шахс Тожикистондан 79 кг 358 гр “опий” моддасини контрабанда йўли билан мамлакат ҳудудига олиб кириб, келгусида сотиш мақсадида хуфия жойга яшириб қўйгани аниқланди. Ушбу гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, 1996 йилда туғилган қонунбузарнинг кўрсатмаси асосида муқаддам дала майдонига яшириб қўйилган 1 кг 953 гр “метамфетамин” синтетик наркотик моддаси ҳам мусодара қилинди.

Бошқа ҳолат Сурхондарё вилоятида қайд этилди. Маълум қилинишича, Узун туманида яшовчи 1994 ва 1997 йилларда туғилган икки нафар шахс ҳамда Тожикистоннинг Турсунзода туманида истиқомат қилувчи 1997 йилда туғилган Тожикистон фуқароси давлат чегарасини бузган ҳолда 30 кг 357 гр “опий” моддасини мамлакатимиз ҳудудига олиб ўтаётган вақтда Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан қўлга олинган.

Аниқланишича, улар ушбу гиёҳвандлик воситасини тожикистонлик наркосавдогарга тегишли экани айтилган “юк” сифатида маълум бир ҳақ эвазига белгиланган манзилга етказиб беришлари керак бўлган. Тезкор тадбир давомида мазкур гиёҳвандлик воситасининг буюртмачиси сифатида кўрсатилган, Денов шаҳрида яшовчи 1986 йилда туғилган шахс ҳам қўлга олинган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 246- ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қонунбузарларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид