Ўзбекистон | 11:23 / 18.09.2021
49462
6 дақиқада ўқилади

Янги автомобилларни харид қилишда юзага келаётган "шапка"ларга изоҳ берилди

Автомобиллар етишмовчилиги туфайли бозорда ноқонуний йўллар юзага келди. "Ўзавтосаноат" АЖ Kun.uz саволларига жавоб берди

17 сентябр куни Kun.uz сайтида “UzAuto автомобиллари учун турнақатор навбатлар. Сабаб нимада?” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинган эди. Унда таҳририят “Ўзавтосаноат” АЖга бир неча савол билан мурожаат қилганди. Компания Ахборот хизмати сайт саволларига қуйидагича жавоб йўллади:

2021 йил август-сентябр ҳолатида харидорларга ўртача ҳафтасига қанча Cobalt, Nexia, Gentra ва Spark русумли енгил машина етказиб берилган?

Август ойи мобайнида янги платформадаги моделларни ўзлаштиришни йўлга қўйиш учун ўтказилган профилактик тадбирлар ва модернизация ишлари сабабли Асака заводи ишлаб чиқариш линиялари режалаштирилган тарзда тўхтатилганлиги боис, август-cентябрь (биринчи ярми) ойларида ҳафтасига ўртача юқоридаги автомобиллардан 850 дона, Damas ва Labo моделларини қўшган ҳолатда 2100 донадан етказиб берилган. Май-июль ойларида ҳафтасига ўртача 2 660 дона Cobalt, Nexia, Gentra ва Spark, Damas ва Labo моделларини қўшган ҳолатда 4 300 дона енгил автомобил етказиб берилган. Сентябрь ойининг 2-ярмидан барча автомобилларни ҳафталик етказиб бериш сони умумий 5000 донага етказилиши таъминланади.

Бошқарув микрочипи ўрнатилмаган, бироқ ишлаб чиқариш конвейеридан чиққан автомобиллар сони нечтани ташкил этади?

Бутун дунёда яримўтказгичларнинг глобал танқислиги кузатилаётган бўлса-да,“UzAuto Motors” автомобилларга бошқарув микрочипини ўрнатмаган ҳолда ишлаб чиқаришни давом эттиришга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирги кунда бошқарув микрочипи ўрнатилмай ишлаб чиқарилган автомобиллар сони 300 донани ташкил этмоқда, ой охирига қадар бу рақам 2000 донага чиқиши кутилмоқда.

Бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган автомобилларни микрочиплар билан таъминлаш ҳолати қандай?

Бугунги кунда таъминланганлик даражаси умумий ҳисобда ўртача ҳафтасига 5000 донани ташкил этмоқда.

Уларни етказиб бериш қай йўсинда таъминланмоқда ва бу ишлаб чиқариш жараёнига қандай таъсир кўрсатди?

General Motors корпорацияси томонидан 24/7 тартибида ишловчи глобал миқёсда штаб ташкил этилган бўлиб, чип етказиб берувчилардан бошлаб, автомобил конвейеригача бўлган таъминот занжири доимий назоратга олинган.“UzAuto Motor” АЖ автомобиллари учун керакли бўлган ярим ўтказгичли модуллар дунёнинг барча жойларидан ҳаво йўли орқали энг қисқа вақтда конвейерга етказиб келинмокда.

“Ўзавтосаноат” АЖ Ахборот хизмати бешинчи саволга жавоб тариқасида қуйидагиларни маълум қилган.

Расмий автодилерларда “шапка” эвазига автомобилни навбатсиз етказиб бериш ҳолатлари ҳақидаги хабарларни қандай изоҳлайсиз?

Аввал хабар қилинганидек, барча мамлакатлардаги автомобил саноати яримўтказгичларнинг глобал танқислиги билан боғлиқ бўлган оғир даврларни бошдан кечирмоқда. Микрочипларнинг танқислиги натижасида қатор йирик автомобил заводлари тўлиқ ёки қисман ёпилди.

“UzAuto Motors” компанияси халқаро муаммолардан заводлар фаолиятини тўлиқ тўхтатмаган ҳолда ҳамда иш ўринларини қисқартирмасдан, салбий оқибатларни имкон қадар камайтирган ҳолда чиқиб кетишга ҳаракат қилмоқда. Шунга қарамасдан, ишлаб чиқариш ҳажми кескин тушиб кетди ва оқибатда бирламчи бозорда янги автомобилларнинг етишмовчилиги кузатилди.

Ушбу салбий оқибатлар автомобилларни сотиш ҳамда сотиб олишнинг ноқонуний йўлларини келтириб чиқарди. Шаффоф савдо тизимининг мавжудлиги ва коррупцияга қарши курашиш бўйича турли хил чора-тадбирларга қарамай, баъзи шахслар даромад топиш ҳамда тизимни четлаб ўтишнинг янги усулларни ўйлаб топишмоқда.

Шундай қилиб, яқинда сотув тизими ёрдамида бир шахс томонидан автомобилларни сотиб олиш учун 10, 20 ва ҳаттоки, 200 та келишув шартномалари тузганлиги аниқланди. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, ушбу шахслар юзага келган ҳолатни ўз бизнесига айлантирган бўлиб, улар навбатини кутишни хоҳламайдиган харидорларга ўз навбатини имтиёзли бериш мақсадида шартномалар тузишади. Баъзиларнинг бошқалардан ажралиб туриш истаги ва автомобилларни қисқа вақт ичида олишга бўлган хоҳиши барча мижозлар учун ноқулайликларга олиб келмоқда.

Хусусан, сентябрь ойида дилер корхоналарда ўтказилган мониторинг натижасида Наманган шаҳрида жойлашган “Дўстлик Автотеххизмат” МЧЖ фаолиятида қонунбузарлик аломатлари мавжудлиги аниқланди ва ушбу ҳолатлар бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ҳуқуқий баҳо бериш учун маълумот тақдим қилинди. Бундан ташқари, “UzAuto Motors” АЖ “Дўстлик Автотеххизмат” МЧЖ билан дилерлик келушувини бекор қилди.

Бундан ташқари, “UzAuto Motors” компанияси янги автомобилларни сотиш ва сотиб олишнинг барча ноқонуний йўлларига барҳам бериш, бунинг олдини олиш учун савдо маълумотлар базасини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати инспекциясининг янги автомобилларни рўйхатдан ўтказиш базаси билан синхронлаштириш ташаббуси билан чиқди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Давлат ЙҲХХ ҳамда АТКР вазирлиги ҳамкорлигидаги ушбу лойиҳа ноқонуний бойиш тизими пайдо бўлишининг олдини олади ва автомобилни олишда ўз навбатини бошқага беришнинг имконсизлигини таъминлайди.

Бундан олдинроқ, 2021 йил август ойи, ҳам январ-август ойларида UzAuto Motors томонидан нечта енгил автомобил ишлаб чиқарилганига доир статистик маълумотлар эълон қилинган эди. Унда Gentra седани 2 дона ишлаб чиқилганини, Spark модели эса умуман ишлаб чиқарилмаганини кўриш мумкин. 

Мавзуга оид