Жаҳон | 08:50 / 05.10.2024
5027
2 дақиқада ўқилади

Россия ҳудудларида ядровий зарба эҳтимоли бўйича машғулотлар ўтказилди

Россиянинг кўплаб шаҳарларида ядровий ва кимёвий ифлосланиш оқибатларини бартараф этиш бўйича машғулотлар ўтказилди. Яқинда мамлакатда оммавий огоҳлантириш тизимлари кенг кўламли текширувдан ўтказилди.

Фото: Alexey Pavlishak/REUTERS

4 октябр, жума куни Россиянинг бир қатор ҳудудларида фуқаролик мудофааси машқлари ҳамда ядровий ва кимёвий ифлосланиш оқибатларини бартараф этиш бўйича машғулотлар бўлиб ўтди, деб хабар берди Baza Telegram-канали. Машқлар, хусусан, Анапа, Уляновск, Когалим, Бузулук, Снежинск ва бошқа шаҳарларда ўтказилди.

Кимёвий ифлосланиш оқибатларини бартараф этишга катта эътибор қаратилди. Машғулотларга кириш сифатида «душман томонидан инфратузилма объектларига ҳаводан ядровий зарба бериш» ҳолати ишлатилган.

Икки кун олдин Россияда оммавий огоҳлантириш тизимларининг кенг кўламли текшируви ўтказилди. Машқлар Химки, Омск, Перм, Самара ва бошқа бир қатор шаҳарларда бўлиб ўтди.

Песков: Ядро қуролидан фойдаланиш шартларини ҳарбийлар белгилайди

Россия Федерациясининг янгиланган ядровий доктринасига мувофиқ Россия томонидан ядро қуролидан фойдаланиш шартлари Россия Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланиши керак. Бу ҳақда 29 сентябр куни Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков «Россия 1» телеканали мухбири Павел Зарубинга берган интервюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар «қайси қуроллар қўлланаётгани ва улар қандай қўлланаётганини (Украинадаги урушда) яқиндан кузатиб боради» ва «эътиборни сусайтирмайди». Песков журналистнинг Путин томонидан айтилган ядро қуролидан фойдаланиш учун баъзи шартлар аллақачон мавжуд эканлиги ҳақидаги сўзларига шундай изоҳ берди.

Песков шунингдек, «аслида, ядровий кучлар Украина атрофидаги можарода Украина томонида иштирок эта бошлаганини» таъкидлади ва Кремлнинг «НАТО инфратузилмаси Россия чегараларига яқинлашаётгани» ҳақидаги позициясини такрорлади — гўё буларнинг барчаси «ядровий доктринага ва ядровий тўсиқ бўлиш соҳасидаги давлат сиёсати асосларига тузатишлар киритишни талаб этган». Путин матбуот котибининг сўзларига кўра, бундай тузатишлар аллақачон тайёрланган ва шакллана бошлаган.

Мавзуга оид