Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Яқин орада билиб оласиз»: Трамп ядро синовлари борасида аниқ жавоб бермади
Ерости ядровий синовларини қайта бошлаш ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Оқ уй раҳбари: «Жуда тез орасида билиб оласиз», деди. АҚШ 1992 йилдан бери синовлар ўтказмаган.
АҚШ президенти Дональд Трамп 31 октябр куни Вашингтон ядровий синовларни қайта бошлашини тасдиқлади, аммо бу жумладан ядровий портлашларни ўтказишни ҳам назарда тутадими-йўқми, деган саволга аниқ жавоб бермади. «Мен бу ҳақда гапирмайман», — деди Трамп журналистларга Вашингтондан Палм-Бичга йўл олган Air Force One бортида АҚШда ерости ядровий синовлари қайта тикланадими-йўқми, деган саволга жавоб қайтараркан.
«Сизлар буни жуда яқин орада билиб оласизлар, лекин ҳа, биз муайян синовлар ўтказамиз. Бошқа давлатлар буни қиляпти. Агар улар шундай қилса, биз ҳам қиламиз», — деди Америка раҳбари.
Трамп 33 йиллик танаффусдан сўнг ядровий қурол синовларини бошлашни Пентагонга топширганини билдирган эди. «Бошқа давлатлар синов дастурларини олиб бораётгани сабабли, Мен Мудофаа вазирлигига ядровий қуролимизни паритет асосида синашни бошлашни буюрдим. Бу жараён дарҳол бошланади», — деб ёзди у 30 октябр куни TruthSocial’да. Оқ уй раҳбари таъкидлашича, АҚШ «ҳар қандай бошқа давлатга қараганда кўпроқ ядровий қуролга эга».
Ҳозирча Трамп тўлиқ қувватли ядровий портлашлар, етказиб бериш воситаларини синаш ёки каллаклар портлашсиз текшириладиган субкритик синовларни назарда тутган ёки тутмагани номаълум.
АҚШ 1992 йилдан бери тўлақонли ядровий қурол синовларини ўтказмаган. Вашингтон 1996 йилги Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартномани имзолаган, бироқ ратификация қилмаган. Шундан бери АҚШ Невада полигонида еростида субкритик синовлар ўтказиб келмоқда.
Трампнинг баёнотига жавобан Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков шу куннинг ўзида ядровий қурол синовларига оид дунёда амал қилаётган мораторийни эслатди. Шунингдек, у Россия президенти Владимир Путиннинг мораторий бузилган тақдирда «вазиятга мувофиқ ҳаракат қилиш» ҳақидаги кўплаб баёнотларига ишора қилди.
Москва сўнгги марта 1990 йилда, СССР даврида ядровий синов ўтказган. Россия Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартномани имзолаган ва ратификация қилган, аммо 2023 йилда имзосини қайтариб олди. Бундан олдин АҚШ Россияни ядровий синовлар мораторийини бузишда айблаб келган.
Сўнгги кунларда президент Путин аввал чекланмаган узоқликка эга, ядровий қурилмага эга «Буревестник» қанотли ракета, сўнг ядровий қурилма ўрнатилган сувости пилотсиз аппарат «Посейдон» синовлари ҳақида хабар берди. Шу билан бирга, Россия ядровий қуролнинг ўзи синовдан ўтказилганини эълон қилгани йўқ. Трамп эса «Буревестник» синовига оид Путин баёнотини «ноўрин» деб атади.
Мавзуга оид
18:31
АҚШ сайёҳлик ва бизнес визалари учун тезкор суҳбат бўйича пуллик хизматни йўлга қўяди
15:12
Америка бизнеси Ўзбекистон лойиҳаларига қизиқишни кучайтирмоқда — Саида Мирзиёева
13:13
Ҳўрмуз яқинида АҚШ армиясининг «Apache» вертолёти қулаб тушди
10:25