Ўзбекистон | 13:37 / 19.08.2024
3162
2 дақиқада ўқилади

Президент Қорақалпоғистонга ташрифини саноат салоҳияти билан танишишдан бошлади 

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифини саноат салоҳияти билан танишишдан бошлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Nukus Eleсtroapparat қўшма корхонаси 2017 йилда ишга тушган, унда электр энергияси тармоғи учун кучланиш қурилмалари ишлаб чиқарилади. Жорий йил июнда бу ерда 10 миллион доллардан зиёд маблағ эвазига қуёш панелларини ясаш лойиҳаси ишга туширилди. Ускуналар Корея Республикасидан келтириб ўрнатилди. Ишлаб чиқариш жараёни 100 фоиз автоматлаштирилган. Лойиҳанинг йиллик қуввати 273 минг дона.

Бу мамлакатда муқобил энергетикадан фойдаланиш борасидаги ишларда қўл келади. Ҳозиргача турли иншоот ва хонадонларда 600 мегаватт қувватли қуёш панеллари ўрнатилган. Бу ҳали давом этади.

Қўшма корхона ички бозорда талаб юқори маҳсулотни маҳаллийлаштириш билан бирга 4 миллион долларлик экспорт имкониятига ҳам эга бўлди. 70 киши иш билан таъминланди.

Давлатлар раҳбари иш жараёнини кўздан кечирди, ходимлар билан суҳбатлашди. Мутасаддиларга бундай корхоналарни кўпайтириш, уларда бозор талаби юқори маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шу ерда тармоқ корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилди.

Заводнинг ўзида ҳам 125 киловатт қувватли қуёш панеллари ўрнатилган. Ундан олинган электр ички эҳтиёжлар учун ишлатилади, ортиқчаси ҳудудий электр тармоғига сотилади.

Сўнгги йилларда 2 миллиард доллар инвестиция ҳисобига қуввати 2,6 гигаватт 10 та қуёш ва шамол станциялари ишга туширилди. Шунингдек, умумий қиймати 19 миллиард доллар бўлган 18,6 гигаваттли 32 та “яшил” лойиҳа бўйича иш олиб борилмоқда. Умуман, 2030 йилгача энергетика балансида қайта тикланувчи қувватлар улушини 40 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Мавзуга оид