Ўзбекистон | 15:33 / 20.03.2021
9786
4 дақиқада ўқилади

Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Президент қарорига мувофиқ, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги Интеллектуал-дастурий тизимлар илмий-амалий маркази негизида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ташкил қилинмоқда ҳамда унинг асосий вазифалари белгиланмоқда.

Институт юридик шахс мақомига эга давлат илмий ташкилоти бўлиб, Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази ҳамда Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги Интеллектуал-дастурий тизимлар илмий-амалий марказининг шартномалари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланиши белгилаб қўйилган.

Янги қарор лойиҳасида Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш, тузилмасини белгилаш ва 2021–2022 йилларда илмий-тадқиқот институтини ривожлантириш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаш таклиф этилмоқда.

Булар:

биринчидан, юридик шахс мақомига эга давлат илмий ташкилоти ҳисобланиши ва давлат герби тасвирланган ҳамда институт номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ҳисобварағига эга бўлиши;

иккинчидан, илмий ташкилот сифатида давлат буюртмалари ва дастурларини амалга оширишда ҳамда фундаментал ва амалий тадқиқотларни олиб боришда иштирок этиши;

учинчидан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти тузилмаси;

тўртинчидан, 2021–2022 йилларда Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институтини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланмоқда:

  • рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш бўйича фундаментал, амалий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш;
  • рақамли технологияларни ривожлантиришнинг илмий экотизимини шакллантириш;
  • моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва замонавий лабораториялар ташкил этиш;
  • хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари билан алоқаларни ривожлантириш бўйича асосий устувор вазифалар белгилаш;
  • бешинчидан, институт фаолиятини молиялаштириш манбаларини белгилаб олиш ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари ва сунъий интеллект технологиялари соҳасида фундаментал ва амалий йўналишларда лойиҳалар амалга ошириш тартиби.

Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш орқали:

  • “Рақамли Ўзбекистон - 2030” стратегиясини ҳар томонлама амалга оширишга қаратилган илмий тадқиқотлар ташкил қилиш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва давлат бошқаруви тизимида сунъий интеллект технологиялари жорий қилинишига;
  • сунъий интеллект соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар олиб бориш, рақамли технологияларни ривожлантириш илмий экотизими шакллантирилишига;
  • сунъий интеллект технологиялари асосида бошқарув ва ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш бўйича инновацион маҳсулотлар ҳамда улар моделлари, алгоритмлари ва дастурий таъминоти босқичма-босқич ишлаб чиқилишига;
  • сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўйича етакчи хорижий инновацион ва илмий муассасалар билан ҳамкорлик йўлга қўйилишига ва қўшма лойиҳалар амалга оширилишига эришилади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид