Жамият | 13:31 / 16.04.2023
24644
2 дақиқада ўқилади

“Ҳомиладорлар ва ёш болалиларга иш йўқ” – бу турдаги аёллар дискриминациясига чек қўйилади 

Ишга қабул қилиш чоғида “Ҳомиладормисиз?”, “Кичик ёшдаги болангиз борми?”, “Яқинда турмушга чиқасизми?” каби саволлар аёлларнинг асрий муаммосига айланган. Янги Конституцияга киритилаётган норманинг аҳамияти мазкур роликда қизиқарли тарзда тушунтириб берилган.

Бугунги кунда хотин-қизлар фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданиятда машғул бўлган ходимларнинг 70 фоизга яқинини ташкил этади. Аммо бошқа соҳаларда кўрсаткичлар анча ёмон. Сабаби кўплаб соҳаларда хотин-қизларни камситиш ҳолатлари учраб туради. Айниқса, бундай ҳолатлар ҳомиладор ва боласи бор аёлларга нисбатан кўп учрайди.

Шунингдек, иш берувчиларнинг аксарияти танловда аёллардан кўра, эркакларга кўпроқ устунлик беради. Бунинг сабаблари оддий — аёллар фарзанд парвариши туфайли ишга кечроқ келиши, ишдан вақтлироқ кетиши, ҳомиладорлик таътилига чиқиши айрим раҳбарларга маъқул келмайди.

Шу сабабли янгиланаётган Конституцияга ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этишни тақиқлаш бўйича норма киритилмоқда. Бу эса хотин-қизларнинг камситилишига йўл қўймаслик учун муҳим қадам бўлади.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 42-моддасида ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши белгилаб қўйилди. Бу каби норма амалдаги Конституцияда йўқ эди.

Мавзуга оид