Kun.uz мухбири мавзу юзасидан сиёсатшунос Фарҳод Толипов, адвокат Раззоқ Алтиев ва журналист Сардор Салим билан суҳбатлашди.
— Дунёвий давлат қандай давлат, унинг аниқ таърифи, қолиплари борми? Ўзбекистон учун унинг зарурати нимада эди?
Фарҳод Толипов:
— Бу каби саволлар сиз каби менда ҳам бор. Бу уч — дунёвий, ҳуқуқий, ижтимоий деган тушунчалар борасида ҳозирча дунё сиёсатшунослари, экспертлари орасида аниқ бир келишув, якдиллик мавжуд эмас. Турли сиёсий доиралар турлича баҳслар бўлади бу борада. Ҳуқуқий давлат тушунчаси нега қўшилди, конституция ва бошқа қонунлар ишласа, шундоқ ҳам ҳуқуқий давлат бўламиз-ку, деган гапларни ҳам эшитяпмиз.

Дунёвий давлат тушунчаси ҳақида гапирсак. Бу борада аксарият олимлар, экспертларда якдиллик бор, аммо аниқ бир атама сифатида киритилгани йўқ. Лекин халққа, жойлашувга кўра намоён бўлиши ҳар хил. Секуляризмни менинг назаримда 4 томондан кўриб чиқса бўлади: диний томондан, сиёсий томондан, фалсафий ва ҳуқуқий томондан.
Сиёсий нуқтаи назардан қаралса ҳам бир нечта тушунча бор. Собиқ иттифоқ давридан қолган жин давлатдан ажратилган, деган ёндашув бор. Аниқроқ қилиб айтилиб, дин эмас, диний институтлар давлатдан ажратилган, дейилади. Бундан ташқари, давлатда ҳеч бир дин устувор бўлмайди, бир-бири билан тенг, давлат даражасига чиқмайди, каби таърифлар ҳам учрайди. Социологик нуқтаи назардан дунёвийлик диний эркинликни таъминлайди, дейилади.
Диний институтлар давлатдан ажратилган бўлади, деган тамойилни илгари сурсак ҳам, нотўғри бўлиб қолади. Чунки Марказий Осиё давлатларида буткул ажратилмаган.
Сардор Салим:

— Юқоридаги фикрларга қўшиламан. Секуляризм тушунчаси жадидчилар ва болшевиклар билан кириб келган ўзбек жамиятига.
Мен 3 та нуқтаи назардан ёндашаман. 1. Социологик нуқтаи назар: оиладаги, жамиятдаги қонунлар қонунларга асосланади, динга эмас. 2. Фалсафий нуқтаи назар: бунда айни яшаб турган дунёга кўпроқ эътибор бериш бўлади, охиратга эмас. 3. Сиёсий секуляризм, яъни бунда дин ва давлатни ажратиш. Аслида, бу мумкин эмас. Маҳатма Ганди динни сиёсатдан ажратмоқчи бўлган одам сиёсатни ҳам, динни ҳам тушунмайди, деган.















