Ўзбекистон | 12:33 / 20.08.2021
8767
2 дақиқада ўқилади

13 мингта умумий овқатланиш корхонаси йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан озод қилинади

Ўзбекистонда жами 13 мингта умумий овқатланиш корхонаси йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан озод қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан мулоқот давомида айтиб ўтди.

“Биз хизматлар соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Янги иш ўринларини қисқа муддатларда яратадиган соҳалардан бири ҳам, сервис соҳаси ҳисобланади. Пандемия давом этяпти ва бу хизматлар соҳаси, айниқса умумий овқатланиш ва туризм корхоналари учун қанчалик оғир бўлаётганини барчамиз кўриб турибмиз, албатта.

Бу борада, умумий овқатланиш ва туризм корхоналаридан ўтган йили берилган имтиёзларни узайтириш бўйича 300 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Шу боис, жами 13 мингта умумий овқатланиш корхонасини йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан озод қиламиз. Бу имконият уларга 30 миллиард сўм қўшимча кўмак деганидир. Уларнинг бошқа солиқлардан мавжуд 35 миллиард сўм қарзлари муддатлари жорий йил якунигача узайтирилади, кредитларини қайтариш ҳам кечиктирилади.

Шу билан бирга, туризм компаниялари ва меҳмонхоналарни туристик йиғимлардан 2 йил муддатга озод қилсак, нима дейсизлар? Бу – ҳозирги қийин шароитда тушуми камайиб кетган 2 минг нафар тадбиркор ихтиёрида 150 миллиард сўм қолади, дегани.

Бугунги кунда 5 мингга яқин тадбиркорлик субъектларининг ташқи савдо операциялари бўйича дебитор қарздорлиги мавжуд. Пандемия сабабли, ушбу тадбиркорларга жарима солиш ва бугунги кунгача қўлланилган 6 триллион сўмлик жарималарни ундириш жорий йил якунига қадар тўхтатилади”, деди президент.

Мавзуга оид