Жаҳон | 09:13 / 14.10.2025
8969
9 дақиқада ўқилади

«Муқаддас ерда ниҳоят тинчлик тонги» – Трампнинг ташрифи, Мисрдаги тинчлик саммити ва Ҳамас-Исроил алмашинувлари

13 октябр Ғазо учун тарихий, шу билан бирга тинчликка энг яқин кун бўлди. АҚШ воситачилигидаги урушни тугатиш режаси доирасида Ҳамас барча тирик исроиллик гаровдагиларни озод қилди, Исроил эса деярли 2 минг нафар фаластинлик ҳибсдагиларни қўйиб юборди. Шу куни Яқин Шарққа келган Доналд Трамп Исроил парламентида нутқ сўзлади. Мисрда Ғазо бўйича тинчлик режасининг кейинги босқичлари муҳокама қилинди — АҚШ, Миср, Қатар ва Туркия сулҳ битимининг кафиллари сифатида декларация имзолади. Шу билан бирга, сулҳнинг кейинги босқичида ноаниқликлар кўп.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

13 октябрь куни ўтказилган гаровдагилар ва маҳбусларнинг йирик алмашинуви Ғазодаги икки йиллик урушни тугатиш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Хусусан, АҚШ воситачилигида тузилган режанинг биринчи, ҳал қилувчи босқичи доирасида Ҳамас барча тирик исроиллик гаровдагиларни, яъни 20 кишини қайтарди. Исроил эса деярли 2 минг нафар фаластинлик маҳбус ва ҳибсдагиларни озод қилди.

Душанба кунги алмашинув жараёни 10 октябрь куни кучга кирган ўт очишни тўхтатиш ва дам олиш кунлари Ғазога кирган ҳуманитар ёрдамнинг кўпайиши ортидан амалга ошди.

Фото: Reuters

Барча нарса режа бўйича кетмоқда. Фақат Ҳамас ҳозирча тўрт нафар ҳалок бўлган гаровдагининг жасадини қайтаришини эълон қилди. Чунки, сулҳ шартномасида ҲАМАС ва бошқа гуруҳлар барча жасадлар жойлашган қабристонларни белгиланган муддат ичида топа олмаслиги тан олинган.

Исроил армияси жасадларнинг шахсини аниқлаш учун суд-тиббий текширувлар ўтказилишини билдирди. Ғазода яна 24 нафаргача гаровдагиларнинг қолдиқлари сақланаётганига ишонилмоқда.

Келишувга биноан, Исроил айбловларсиз ҳибсда сақланган 1 700 га яқин фаластинликни озод этди. Шунингдек, умрбод қамоқ жазосини ўтаётган 250 га яқин фаластинлик маҳбус ҳам озод этилди. Улардан қарийб 100 нафари босиб олинган Ғарбий Соҳилга қайтарилди. 154 киши эса Мисрга депортация қилинди, оз қисми Шарқий Қуддусга қўйиб юборилди.

Фото: Reuters

Рамаллоҳда Қизил Хоч автобусларидан тушган маҳбуслар миллий кийимларда оломон олқишлари остида кутиб олинди. Уларнинг кўпчилиги узоқ йиллик қамоқ ва босқин азобларидан чарчаган, шу билан бирга тинчлик учун умидвор эди.

Трампнинг Исроилга ташрифи

Шуни Исроилга келган АҚШ президенти Доналд Трамп бош вазир Бенямин Нетаняҳу билан учрашди. Шундан сўнг, Кнессетда 2008 йилдан бери биринчи марта АҚШ президенти сифатида чиқиш қилди.

«Осмон тинч, қуроллар жим, сиреналар тўхтаган ва муқаддас ерда ниҳоят тинчлик қуёши порлаяпти. Исроилликлар ва фаластинликлар учун узоқ чўзилган даҳшатли тун ниҳоясига етди», дея Трампнинг Исроил парламентидаги нутқини келтирмоқда Reuters.

Фото: Reuters

Парламент залида айрим депутатлар Трампни олқишлади. Нутқ чоғида Исроилдаги мухолифат аъзоларидан бири «Фаластинни тан олинг» деб ёзилган варақни кўтариб чиқди. Кейинроқ у залдан мажбуран олиб чиқиб кетилди.

Трамп Ғазо урушини якунловчи режасини кенг минтақавий тинчликнинг бошланиши сифатида кўрсатди. У «Иброҳим келишувлари» доирасида кўпроқ давлатлар қўшилишини айтди, ҳатто Эрон ва Исроил ўртасидаги тарихий тинчлик битими ҳақида сўз юритиб: «Бу ажойиб бўлмасмиди?» деди Кнессетда. Шунингдек, у Исроил президентидан коррупциядан айбланаётган Нетаняҳуни афв қилишни сўради.

Мисрдаги саммит – аниқ режалар очиқланмади

Исроилдаги нутқини якунлаган Доналд Трамп Шарм аш-Шайхдаги саммитга учиб келди. Ғазо секторидаги урушни тугатиш масаласига бағишланган юқори даражадаги саммитда АҚШ, Қатар, Миср ва Туркия Ғазо секторидаги урушни тўхтатиш тўғрисида битим имзолади. Трамп уни «Исроил ва Фаластин ўртасида ўнлаб йиллар давом этган тинчлик изланишларида йирик бурилиш» деб атади.

Фото: Reuters

New York Times'нинг ёзишича, имзоланган ҳужжат аслида нималарни талаб қилаётгани номаълумлигича қолди. Трамп имзо олдидан «Биз жуда кўп қоидалар, тартиблар ва бошқа масалаларни ўз ичига олган кенг қамровли ҳужжатни имзолаймиз», деди.

Шунга қарамай, у ҳужжатнинг мазмуни ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермади, ҳатто икки асосий томон – Исроил ва Ҳамас номини деярли тилга олмади. Уларнинг вакиллари саммитда қатнашмади. Имзо чеккан давлатлар – АҚШ, Қатар, Миср ва Туркия ўтган ҳафтада ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни маҳбусларга алмашиш келишувини воситачилик билан таъминлаган эди.

У Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад билан бир стол атрофида ўтирган ҳолда уларнинг тинчлик саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Саудия Арабистони ва БАА раҳбарлари саммитга келмади. Трамп йиғилиш чоғида Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббосни илиқ кутиб олди ва у билан узоқ суҳбатлашди. Аббос Ғазо бошқарувида фаол роль ўйнаш ниятида, бироқ Исроил бунга қарши.

Фото: Reuters

Трамп имзоланган ҳужжатни юқорига кўтарганида, зал қарсакларга тўлди. Трамп кўтарган саҳифада — раҳбарлар имзосидан юқорида «умумий тамойиллар декларацияси» ёзилгани кўринади. Унда шундай дейилади:

«Биз Ғазо секторида кенг қамровли ва барқарор тинчлик тартиботларини ўрнатиш йўлидаги ютуқларни, шунингдек Исроил ва унинг минтақавий қўшнилари ўртасида дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларнинг йўлга қўйилишини олқишлаймиз».

Фото: Getty Images

«Ҳужжатда етакчилар «тинчликни келажак авлодлар учун амалга ошириш ва уни мустаҳкамлаш йўлида биргаликда ишлаш»га ваъда берган. Аммо бу мақсадларга қандай эришилиши ҳақида ҳеч қандай аниқлик берилмаган. Натижада кузатувчилар ўтган ой Трамп эълон қилган Ғазони тинчликка олиб келувчи 20 бандлик режа ҳақида билганларидан ортиқ маълумотга эга бўлишмади», деб ёзади NYT.

Гарчи маҳбуслар ва гаровдагилар озод қилинган бўлсада, музокарага қўйиладиган бошқа масалалар ҳамон ҳал этилмаган. Жумладан, Ҳамас Трампнинг «қуролсизланиш» талаби ва Ғазо бошқарувида келажакда иштирок этмаслик шарти билан қачон ва умуман рози бўлиши номаълум. Шунингдек, сулҳ қанча давом этиши ҳам аниқ эмас.

Трамп саммит иштирокчиларига «битим ҳозирги пайтда навбатдаги босқичларга ўтаётгани»ни айтди:

«Бу айни дамда иш жараёнида, биз ҳозир учинчи ва тўртинчи босқичдамиз», — деди у. Шунингдек, «босқичларни ижобий тарзда навбатсиз ўтказишимиз мумкин,» деб изоҳ берди. Кўплаб ноаниқликларга қарамай, саммитда қатнашган деярли барча раҳбарлар Трамп ва унинг тинчлик ташаббусини мақташди.

Кейинроқ, Оқ уй «Барқарор тинчлик ва фаровонлик учун Трамп декларацияси» номли ҳужжатни эълон қилди — у тўлиқ версия сифатида тақдим этилган бўлса-да, унда ҳам аниқ бандлар йўқ.

Миср президенти идораси чиқарган саммит бўйича баёнотга кўра, ҳужжатда «тинчлик режасининг кейинги босқичларини амалга ошириш восита ва механизмлари юзасидан маслаҳатлашувларни бошлаш зарурлиги» қайд этилди. Бу жараён Ғазони бошқариш, хавфсизликни таъминлаш ва қайта қуриш масалаларидан бошланиб, сиёсий келишув йўналишида якун топиши керак.

Зиддиятли масалалар

Режага биноан, Ғазо аввал вақтинчалик фаластинлик технократлардан иборат маъмурий қўмита томонидан бошқарилади. Бу қўмита Трамп бошчилигидаги «Тинчлик кенгаши» назорати остида ишлайди. Кейинчалик ҳокимият ислоҳ қилинганидан сўнг Фаластин маъмуриятига топширилади.

Фото: Bloomberg

Бироқ кейинги босқичларга ўтиш учун мураккаб музокаралар кутилмоқда.

Энг кескин масалалар орасида — Исроил қўшинларини чиқариш жадвали, Ҳамаснинг қуролсизланиши ва Ғазонинг келажакдаги бошқарув тизими.

Ҳамас илгари «Фаластин давлати тузилмас экан, қуролсизланмаймиз» деган позициясида турган ва Ғазода хорижий бошқарув ғоясини рад этган. Нетаняҳу эса Фаластин маъмуриятининг келажакда иштирок этишига қарши чиқмоқда. Тинчлик битими бўйича иккинчи босқич қачон бошланиши ҳақида сўралганда, Трамп: «У аллақачон бошланди», деб жавоб берди. «Босқичлар бир-бирига аралаш ҳолатда кечяпти», — деди у.

Фото: Reuters

Исроилнинг Ғазога кенг кўламли уруши 2023 йил 7 октябрда Ҳамас жанубий Исроилга ҳужум қилганидан сўнг бошлаган эди. Исроил томонига кўра, ўша куни 1 200 киши ҳалок бўлиб, 251 киши гаровга олинган.

Ғазода бошланган Исроилнинг ҳарбий амалиётлари натижасида 67 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган. Бу рақамлар БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан ишончли деб тан олинган. БМТ идоралари Исроилнинг ҳаракатларини геноцид, деб тан олди. Бу даврда Ғазо деярли вайронага айланди ва секторда очарчилик бошланди. 

Мавзуга оид