Суриянинг янги ҳукумати «Асад кучлари»ни Тартус вилоятидан сиқиб чиқармоқчи
Суриянинг Тартус вилоятида мамлакатнинг ағдарилган президенти Башар Асаднинг тарафдорлари янги ҳукумат полициясининг 14 вакилини ўлдирган. Бу тўқнашув ҳақида ноябр ойи охиридаги исёнга бошчилик қилган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» тузган ўтиш даври ҳукумати хабар берди. Янги ҳукумат минтақадан «Асад кучлари»ни сиқиб чиқариш мақсадида амалиёт бошлаганини эълон қилди.
Ўтиш даври ҳукуматининг ички ишлар вазири Муҳаммад Абдулраҳмоннинг изоҳлашича, ҳуқуқ-тартибот органлари гуруҳи Асадга содиқ кучлар қўйган «пистирма»га дуч келган. Унинг сўзларига кўра, Сурия полициясининг 14 ходими ҳалок бўлиб, яна камида 10 ходим жароҳат олган.
Офиси Британияда бўлган Суриядаги инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш маркази (SOHR) отишмада қуролланган уч киши ўлдирилганини хабар қилган. Ташкилот хабарида улар озчиликни ташкил этувчи алавийлар вакили бўлгани ҳақида гап йўқ.
Суриядаги вақтинча ҳукумат «мамлакат хавфсизлигига путур етказувчи ёки унинг фуқаролари ҳаётини хавф остига қўювчи» ҳаракатларни амалга оширадиган ҳар қандай кучга қарши қатъий чоралар кўришни ваъда берган.
Асад тарафдорлари бўлган кучлар билан тўқнашув Сурия ғарбида, асосий аҳолиси Асадлар сулоласи таянчи ҳисобланган алавийлар яшовчи Тартус порт шаҳри яқинида рўй берган.
25 декабр куни бир вақтнинг ўзида Суриянинг бир неча шаҳрида шиалар ва алавийлар намойишларга чиқди.
Бу норозилик акцияларига ижтимоий тармоқларда Ҳалаб шаҳридаги алавийларнинг Ал-Ҳусайн ибн Ҳамдон Ал-Ҳашибий зиёратгоҳига ҳужум ҳақидаги видео тарқалиши сабаб бўлган.
Суриянинг янги ҳукумати маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ноябр ойи охиридаги юриш вақтида олинган. Аммо бу баёнот алавийлардаги норозилик тўлқинини тўхтатишга ёрдам бермади.
Намойишлар Ҳомс шаҳрида ҳам ўтказилган, бу ерда норозилик акцияси қатнашчиларидан камида бир нафари полиция билан тўқнашувлар қурбони бўлган. Шунингдек, Тартус, Латақия ҳамда Башар Асаднинг отаси Ҳафиз Асад туғилган Кардах шаҳарларида ҳам бўлиб ўтган.
Латақия ва Ҳомс шаҳарларида оммавий норозилик намойишлари тарқатилганидан кейин бир кечага — 26 декабр куни эрталабки соат 8 га қадар комендантлик соати жорий этилган.
Намойишларнинг талаблари тўғрисида ишончли маълумот йўқ. Reuters агентлиги хабарига кўра, норозилик акциялари иштирокчилари, катта эҳтимол билан, Башар Асад режими қулаганидан кейин хавфсизлик кафолатлари берилишини истамоқда.
Акциялар ўтказилган ҳудудлар аҳолиси вакиллари агентликка айтишича, бу ҳодисалар Асад режими қулаганидан кейин алавийларга нисбатан босим кучайгани ва зўравонлик ҳолатлари учрагани оқибатида келиб чиққан.
Асадлар оиласи мансуб бўлган алавийлар янги ҳукумат томонидан Асад режими вақтида амалга оширилган қийноқлар ва қатллар учун қасос олинишидан қўрқмоқда.
Алавийларнинг ҳудудлардаги етакчилари Суриянинг янги ҳукуматини ўз жамоалари учун «умумий амнистия» эълон қилишга чақирмоқда.
Башар Асад режими ағдарилиши билан якунланган исёнга бошчилик қилган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи раҳбарлари бир неча марта диний ва этник озчилик вакилларининг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишига ваъда берган.
Аммо диний ва этник озчиликлар вакиллари ўз хавфсизлигидан хавотирда эканини айтишмоқда.
Хусусан, олдинроқ Суриядаги минглаб христианлар Скалбия шаҳрида рождество арчаси ёқиб юборилгани туфайли Дамашқда норозилик акциясини ўтказишганди. Улар мамлакатнинг янги ҳукуматидан диний озчилик ҳуқуқларини таъминлашни талаб қилишган.
Алавийларда ўз хавфсизлигидан хавотирланиш учун сабаблар христианларникидан кўпроқ.
Сурияда Башар Асад режимидан жабрланган ўн минглаб оилалар ўз яқинларининг азоб-уқубатлари ва ҳалокатида айбдор бўлганлар «адолатли суд қилиниши ва жазоланиши»ни кутмоқда.
2011 йилда бошланган фуқаролик уруши давомида ҳукумат юз минглаб кишиларни лагерларда сақлаган, ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларига кўра, бундай жойларда қийноққа солиш оддий ҳолат ҳисобланган.
Офиси Туркияда жойлашган Седная қамоқхонаси маҳбуслари ва бедарак йўқолганлар ассоциацияси (ADMSP) хабар қилишича, 2011 йилдан 2018 йилга қадар бўлган даврда бу қамоқхонада 30 мингдан ортиқ маҳбус қатл этилган ёки қийноқлар ҳамда тиббий ёрдам йўқлиги натижасида ёки очликдан вафот этган.
Бундан ташқари, Башар Асад ҳукуматига хизмат қилган собиқ зобитлар қуролларни топширишдан бош тортмоқда ва Суриянинг янги ҳукумати улар ҳокимиятни қайтариб олишга уринишидан хавфсирамоқда.
Мавзуга оид
21:18 / 03.01.2025
Германия ва Франция ТИВ раҳбарлари Сурияга борди
14:40 / 03.01.2025
Сурия ғарбида Асад тарафдорларига қарши операция бошланди
14:21 / 03.01.2025
ЖССТ вакили: 15 миллиондан ортиқ суриялик шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож
15:41 / 02.01.2025