Суриянинг Ҳалаб шаҳрида бир неча кундан буён марказий ҳокимият армияси ва курд кўнгилли лашкари ўртасида жанглар давом этмоқда.

Ҳалабнинг курдлар яшовчи икки туманида артиллерия қўлланган ҳолда олиб борилаётган жанглар сешанба куни бошланган. Маҳаллий манбаларга кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида биринчи куни олти киши ҳалок бўлган.

Reuters агентлиги хабарига кўра, тунда сукунат ҳукм сурган, аммо чоршанба куни жанглар қайтадан авж олган. Ҳалаб соғлиқни сақлаш бошқармасига кўра, яна камида тўрт киши ҳалок бўлиб, 18 киши яраланган.

Чоршанба куни Сурия ҳукумати курд жангариларидан Ҳалабнинг Шайх-Мақсуд ва Ашрафия кварталларини тарк этиш ҳамда тинч аҳоли хавфсизликда бўлишини таъминлашни талаб қилди.

Сурия курдлари фуқаролик уруши даврида мамлакатнинг шимоли-шарқий қисмида, шунингдек, Ҳалабда ўз мухтор ҳудудларини ташкил этишганди. Дамашқдаги янги ҳокимият билан келишувга мувофиқ, курдларнинг қуролли тузилмаси ҳисобланган Сурия демократик кучлари 2025 йил охиригача тўлиғича Сурия армияси таркибига қўшилиши кўзда тутилганди. Аммо бу режа амалга ошмади ва томонлар бунда бир-бирини айбламоқда.

Сурия армияси тинч аҳолини эвакуация қилиш учун белгиланган муддат тугаганидан кейин Ҳалаб шимолидаги курд кварталларини ўққа тутишга киришганини маълум қилган.

Суриялик ҳарбийлар Ҳалабнинг Шайх Мақсуд ва Ашрафия туманларини чоршанба куни соат 15:00 дан (Гринвич бўйича 12:00) «ёпиқ ҳарбий зоналар» деб эълон қилган ва шу билан бир вақтда тинч аҳоли олиб чиқилиши учун «иккита хавфсиз гуманитар йўлак» яратди, деб хабар бермоқда France Press агентлиги.

AFP’нинг Ҳалабдаги мухбирлари белгиланган муддат якунланиши арафасида минглаб кишилар ушбу ҳудудларни тарк этаётганига гувоҳ бўлишган.

«Биз урушдан қочяпмиз ва қаерга боришимизни билмаймиз. 14 йилдан буён уруш ичидамиз, етар энди», – деган AFP мухбирига 38 ёшли Аҳмад.

41 ёшли Аммар Раджи эса оиласи билан «жуда оғир шароитда кўчишга мажбур бўлаётгани»ни айтган.

«Менинг олти болам бор, иккиси жуда ёш. Қўрқаманки, биз энди қайта олмаймиз», – деган Раджи. Бу унинг оиласи қочишга мажбур бўлаётган илк ҳолат эмас: олти йил муқаддам ҳарбий ҳаракатлар туфайли улар мамлакат шимолидаги она шаҳри Манбижни тарк этишганди.