Жамият | 12:10 / 13.09.2022
23152
3 дақиқада ўқилади

Швейцарияда Гулнора Каримованинг жами 686 млн долларлик ноқонуний бойликлари мусодара қилинади

Гулнора Каримова бошчилигидаги жиноий гуруҳ ўзлаштирган ноқонуний маблағларнинг Швейцарияда ундириладиган миқдори маълум қилинди.

Фото: Getty Images

Адлия вазирлигида Ўзбекистоннинг айрим фуқаролари томонидан жиноий йўл билан орттирилган ва хорижий давлатларга олиб чиқиб кетилган активларни қайтариш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, хусусан, жорий йилнинг 16 август куни Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасида имзоланган Г. Каримовага илгари тегишли бўлган активларни қайтаришга қаратилган Реституцияга оид битим бўйича матбуот тадбири бўлиб ўтмоқда.

Унда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг тергов доирасидаги ҳамкорлиги ва биргаликдаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлари натижасида Гулнора Каримова ва унинг бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг активларини мусодара қилиш бўйича ишлар Швейцария суд органларига оширилган.

Ундирилиши лозим бўлган жами сумма давом этаётган жиноий иш жараёнига боғлиқ бўлади, лекин тақрибан 686 миллион АҚШ долларига тенг.

Ушбу ишлар Швейцария судларида кўриб чиқилиб, тақрибан 336 миллион доллар узил-кесил мусодара қилинган. Шундан 131 млн доллари Ўзбекистонга қайтиши ҳал бўлди, 205 млн доллар бўйича эса якунига етмоқда. 

Ҳозирги кунда, қўшимча тақрибан 350 миллион доллар миқдоридаги маблағларни мусодара қилиш масаласи Швейцария судларида кўриб чиқилмоқда.

«Жорий йилнинг 16 август куни Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасида «Швейцария Конфедерацияси ҳудудида конфискация қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатларида қайтариш йўллари тўғрисида»ги битим имзоланди.

Ушбу битимнинг тузилишига 2 йил давомида Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазирлиги ва ваколатли идоралари ҳамда Швейцариянинг Ташқи ишлар вазирлиги ва манфаатдор вазирликлари билан БМТ иштирокидаги самарали ҳамкорлик, шунингдек, пухта амалга оширилган ишлар ва бир неча давралардан иборат музокаралар бўлиб ўтди.

Мазкур битим ноқонуний орттирилган тақрибан 131 млн АҚШ долларига тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришни, қайтаришнинг асосий принциплари, механизм ва мақсадларини белгилайди.

Хусусан, маблағларни қайтариш Бирлашган миллатлар Ташкилотининг Uzbekistan Vision 2030 Фонди деб номланган кўп шериклик траст жамғармаси орқали амалга оширилади», дейилади Адлия вазирлиги матбуот котибининг телеграмдаги хабарида.

Қайтарилаётган маблағлар пировардида ижтимоий соҳага йўналтирилиши, асосан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини ривожлантиришга ишлатилиши режалаштирилмоқда.

Мавзуга оид