Ўзбекистон | 08:21 / 25.10.2019
253504
3 дақиқада ўқилади

Тўй ўтказиш тартибини бузганлар қанча жаримага тортилиши маълум бўлди

Фото: toylarmuborak.uz

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини бузганлик учун қанча миқдорда жарима белгиланиши маълум бўлди. “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-XII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси қуйидаги мазмундаги 192-1-модда билан тўлдирилади:

“192-1-модда. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини бузиш

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибига қўйиладиган талабларга мазкур тадбирларни ўтказувчи шахслар томонидан риоя этмаслик, –

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида (2 230 000 - таҳ.) жарима солишга сабаб бўлади.

Тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахслари томонидан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишга қўйиладиган талабларни бузиш, –

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида (6 690 000 - таҳ.) жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, –

базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида (11 150 000 - таҳ.) жарима солишга сабаб бўлади”.

Бундан олдин, Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низом эълон қилинганди.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади.

Ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан ош бериш маросимининг вақти алоҳида белгиланади.

Соат 23:00 дан кейин тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади.

Қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.

Мавзуга оид