Жаҳон | 10:31 / 29.06.2023
42858
4 дақиқада ўқилади

WSJ: Пригожин Шойгу ва Герасимовни қўлга олмоқчи бўлган

Жаҳондаги нуфузли нашрлар ғарб разведкасига таяниб, Россиядаги давлат тўнтаришига уриниш ҳақида нималар ёзмоқда?

РФ мудофаа вазирлиги / Reuters / Scanpix / LETA

«Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин исён вақтида РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовни қўлга олишни режалаштирганди, деб хабар бермоқда The Wall Street Journal газетаси ғарб мамлакатларидаги разведка хизматларига таяниб. Бу маълумотга кўра, юқори мартабали ҳарбийлар Ростов-Донга келиб уларни ҳибсга олмоқчи бўлган, аммо Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) тайёрланган режа ҳақида исён белгиланган кундан икки кун олдин хабар топган — натижада Пригожин «мослашиш»га мажбур бўлган.

WSJ манбасига кўра, Ғарб махсус хизматлари телефон алоқаларини кузатиш орқали олинган хабарлар ва сунъий йўлдош тасвирларини таҳлил қилган ҳақида исён тайёрланаётганидан воқиф бўлишган. Исёнга тайёрланиш чоғида кўплаб ўқ-дорилар, ёнилғи ва техника, жумладан танклар, зирҳли машиналар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини тўплаш режалаштирилган. Ғарблик мулозимлар фикрича, Пригожин дастлабки режаси орқали муваффақиятга эришиш учун яхши имкониятга эга бўлган, аммо маълумот сизиб чиқиши туфайли у исённи муддатидан олдин бошлашига тўғри келган. ХҲК жангчилари осонлик билан йирик ҳарбий марказ бўлган Ростовни эгаллашган, шу туфайли ғарб разведкасидагилар РФ мунтазам қўшинларидаги айрим қўмондонлар ҳам фитнада иштирок этган деб ўйламоқда.

WSJ манбаси тасдиқлашича, Пригожин исён тайёрланаётгани тўғрисида армиянинг юқори мартабали зобитларига, жумладан, РФ ҳаво-космий кучлари қўмондони генерал Сергей Суровикинга айтган, аммо генерал бу маълумотни ФХХга етказгани аниқ эмас. The New York Times манбаси ҳам АҚШ махсус хизматлари Суровикин исён тайёрланаётгани тўғрисида олдиндан хабардор бўлгани, бошқа генераллар эса Пригожиннинг ҳаракатларини қўллаган бўлиши мумкин деган фикрда эканини ёзган.

NYT манбалари «Вагнер» ХҲК ҳамон тирик эканини Суровикин унинг иттифоқчиси бўлгани билан изоҳлайди. Уларнинг фикрича, агар Суровикиннинг исён тайёрланганига алоқадорлиги бўйича ишончли далил пайдо бўлса, у лавозимдан четлатилиши мумкин. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ОАВнинг Суровикин тўғрисидаги хабарларини «спекуляция» ва «ғийбат» деб баҳолади.

АҚШ разведкаси Пригожиннинг режаси тўғрисидаги маълумотни июн ойи ўрталарида қўлга киритган, аммо АҚШда у бу ишни қачон амалга оширмоқчи экани тўғрисида аниқ маълумот бўлмаган, дейди The Washington Post манбаси. 21 июн куни Америка разведкаси юқори мартабали ҳарбийлар ва Оқ уй вакилларига тайёрланаётган исён тўғрисида хабар берган, деб ёзади The New York Times газетаси.

CNN телеканалига кўра, Америка разведкаси исён ҳақида, жумладан ёлланма жангчилар қаерда тўпланиб, ҳужум қилмоқчи экани ҳақида маълумот йиғган, аммо махсус хизматлар исён қачон бошланишини аниқлай олмаган. Оқ уй махфий маълумотларни фақат Буюк Британия билан бўлишган, АҚШнинг ўзида эса бундан фақат энг юқори мартабали сиёсатчилар воқиф бўлган, дея тасдиқлайди CNN. Телеканал манбаси хабар қилишича, исён бошланганидан кейин ғарблик иттифоқчилар Украина расмийлари билан боғланган ва уларни «қайиқни чайқалтирмаслик» ва Россия ҳудудидаги объектларга зарба бермасликка чақирган.

Мавзуга оид