Арманистонда давлат тўнтаришига уринишнинг олди олинди
Тергов версиясига кўра, «қуролли тўнтариш орқали ҳокимиятни эгаллаб олишга уринган» Арманистон ва Тоғли Қорабоғ фуқаролари ойига 220 минг рублдан тўлаш ваъдаси остида оғдириб олинган.
Арманистон Миллий хавфсизлик хизмати «қуролли тўнтариш орқали ҳокимиятни эгаллаб олишга уринишнинг» олдини олди. Бу ҳақда мамлакат Тергов қўмитаси баёнотида сўз боради.
Қайд этилишича, давлат тўнтаришига тайёргарликда Арманистоннинг беш нафар, Тоғли Қорабоғнинг икки нафар собиқ фуқароси ҳамда «шахсига аниқлик киритилмаган»лар иштирок этган.
Тергов версиясига кўра, 2024 йил давомида улар Арманистон ва Тоғли Қорабоғ фуқароларини ойига 220 минг рублдан тўлаш ваъдаси остида ўзларига оғдириб олган. Бу пуллар эвазига улар Россия уч ойлик йиғинда қатнашиб, янги турдаги оғир қуроллар билан танишиш, улардан фойдаланиш, жанговар навбатчиликни ўташ каби кўникмаларини шакллантириши керак бўлган.
Тергов қўмитасининг таъкидлашича, оғдириб олинган шахслар Ростов-Донга юборилган, у ерда сиёсий қарашларини аниқлаштириш мақсадида ҳатто полиграф ёрдамида текширувдан ўтказилган. Шундан кейин улар «Арбат» номли ҳарбий базага жойлаштирилиб, жанговар тайёргарлик бошлаб юборилган.
«Уларга ўқувларнинг мақсади — Арманистон Республикасига қайтиш ва амалдаги ҳукуматни ағдариш экани айтилган», — дейилади хабарда. Оғдириб олинган шахсларнинг бир қисми бу мақсадда Арманистонга қайтишдан бош тортган, қолганлари «жиноятини охирига қадар етказа олмаган».
Маълумотларга кўра, ҳозирда уч киши қўлга олинган, яна тўрт кишига қидирув эълон қилинган.
Арманистон Тергов қўмитаси хабарига Украинадаги урушда иштирок этаётган «Арбат» баталони раҳбари, «Вагнер» ХҲКнинг собиқ ёлланма жангчиси Айк Гаспарян изоҳ берган. Унинг фикрича, Арманистон ҳукумати «республика сиёсий ҳаётидаги ўз омадсизликларида халқни чалғитишга уринмоқда». Гаспаряннинг таъкидлашича, унинг баталони Арманистонда фаолият юритмаган, бу фақат «арман халқи ташқи душмандан ёрдам сўраб, мурожаат қилсагина» рўй бериши мумкин.
Мавзуга оид
10:10 / 09.10.2024
РФ чегарачилари Арманистон ва Эрон чегарасини қўриқлашни тўхтатади
20:10 / 02.10.2024
Ўзбекистонлик хоккейчилар илк маротаба жаҳон чемпионатида иштирок этади
20:16 / 27.09.2024
Арманистон Боку билан тинчликка эришиш учун Конституциясини ўзгартиришга тайёр
22:12 / 25.09.2024