Технология | 07:17 / 19.02.2026
11307
5 дақиқада ўқилади

Яширинишга жой йўқ: ҳарбийларга реал вақтда маълумот берадиган қудратли сунъий йўлдошлар 

Замонавий оптик ва радиолокацион сунъий йўлдошлар орбитадан туриб ҳарбийларга қарши томон позицияларини деярли реал вақтда аниқлаш, кузатиш ва таҳлил қилиш имконини беради.

NISAR Фото: Wikimedia Commons

Совуқ уруш йилларида ҳам космик разведка кучли восита бўлган — аммо унинг имкониятлари чекланган эди. Юқори аниқликдаги тасвирлар кам-камдан пайдо бўлар, қўмондонлик эса кўпинча таҳлил вақтига келиб бир неча кун олдин олинган фотосуратлар билан ишлашга мажбур бўларди. Бундай кечикиш, айниқса тез ўзгараётган вазият шароитида, жиддий “заиф нуқталар”ни юзага келтирарди.

Бугун космик кузатув ярим аср аввалги даражага нисбатан анча илгарилаб кетди. Замонавий сунъий йўлдош архитектуралари бир хил ҳудудлар устида тез-тез учиб ўтиш ёки деярли узлуксиз қамровни таъминлашни кўзлаб лойиҳаланади, бу эса таҳлилчиларга бир нуқтани соатига бир неча марта кузатиш имконини беради.

Бу трансформация сенсор технологияларининг жадал ривожланиши, паст Ер орбитасига учиришлар нархининг арзонлашиши ва замонавий орбитал гуруҳлар ҳосил қиладиган улкан тасвирлар оқимини қайта ишлай оладиган сунъий интеллект тизимларининг жорий этилиши ҳисобига рўй берди. Қуйида ҳарбийларга деярли реал вақт режимида маълумот етказиб берадиган энг самарали сунъий йўлдош тизимларидан айримлари келтирилган.

1. KH-11/CRYSTAL

АҚШнинг оптик разведкасида асосий устунликни ҳали ҳам KH-11/CRYSTAL серияси сақлаб турибди, уни кўпинча “Ерга қаратилган «Ҳаббл» телескопи” деб аташади. Очиқ манбалар баҳоларига кўра, аппарат диаметри 2,4 метр бўлган ойна билан жиҳозланган. Тахмин қилинишича, унинг имконияти Ер юзасида техника, артиллерия тизимлари ва объектлар конфигурациясини фарқлашга етарли, аммо ҳақиқий характеристикалар махфий сақланади.

Аввалги разведка сунъий йўлдошларидан фарқли равишда, KH-11 рақамли электро-оптик суратга олишни маълумотларни ретрансляция қилувчи сунъий йўлдошлар билан уйғунлаштириб ишлайди. Бу тасвирларни деярли реал вақтда узатиш имконини беради ва маълумот йиғишдан тортиб оператив қарор қабул қилишгача бўлган йўлни кескин қисқартиради.

2. Starshield

SpaceX компаниясининг Starshield дастури Starlink’нинг тижорий моделини миллий хавфсизлик вазифаларига мослайди, унда Ерни кузатиш, ҳимояланган алоқа ва махсус фойдали юкларни жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

АҚШ Миллий ҳарбий-космик разведка бошқармаси (NRO) билан катта шартнома юзлаб сунъий йўлдошларни тарқоқ орбитал гуруҳ шаклида суратга олиш имкониятлари билан жойлаштиришни кўзда тутади. Сунъий йўлдошлар орасидаги лазерли алоқа каналлари ва кучайтирилган шифрлашдан фойдаланиш сезгир маълумотларни доимий равишда ерусти станцияларига таянмаган ҳолда узатишга имкон беради.

3. Yaogan

Хитойнинг Yaogan серияси икки мақсадли (ҳарбий-фуқаролик) йирик гуруҳ бўлиб, унда оптик сунъий йўлдошлар ва радиоэлектрон разведка аппаратлари бирлаштирилган. Бундай ёндашув юқори қийматли мақсадларни, жумладан авиаташувчи зарба гуруҳлари ва муҳим инфратузилмани мунтазам кузатиш ва жойлашувини аниқлашни таъминлайди.

Yaogan миссияларининг кўпчилиги расман фуқаролик ерни масофадан зондлаш лойиҳалари сифатида эълон қилинса-да, сўнгги учиришлар тизимнинг картография, денгиз ҳудудларини назорат қилиш ва ўзгаришларни мониторинг қилиш соҳасидаги имкониятларини сезиларли кенгайтирди.

4. NISAR

NISAR — NASA ва Ҳиндистоннинг Космик тадқиқотлар ташкилоти (ISRO) қўшма лойиҳаси. 2025 йилда учирилган аппарат 240 километр кенгликдаги суратга олиш полосасини таъминлайди ва радарнинг тўлиқ поляриметрик ҳамда интерферометрик режимларидан фойдаланган ҳолда Ер юзасининг катта қисмини тахминан ҳар 12 кунда қайта қамраб олади.

Миссиянинг асосий мақсади илмий тадқиқотлар бўлса-да, унинг ҳар қандай об-ҳавода ишлай оладиган релеф, музликлар ва ўрмонларни хариталаш имкониятлари аниқ иккиламчи аҳамиятга эга: чегараларни мониторинг қилиш, инфратузилмани бошқариш ва фавқулодда ҳолатларга жавоб беришни режалаштириш учун.

5. Topaz (FIA-Radar)

АҚШ Миллий ҳарбий-космик разведка бошқармаси (NRO) Topaz сериясидаги радиолокацион сунъий йўлдошларни ўзининг кенг орбитал суратга олиш тизимининг бир қисми сифатида ишлатади.

Topaz булутлилик, тутун ва қоронғи вақтда ҳам тасвир олишни таъминлайдиган SAR (синтетик апертурали радар) технологиясидан фойдаланади. Бу қийин об-ҳаво шароитида ҳам ўзгаришларни кенг миқёсда мониторинг қилиш, ҳарбий тузилмаларни кузатиш ва денгиз вазиятини назорат қилиш имконини беради.

Умуман олганда, бу космик тизимлар ҳарбий кузатув қандай қилиб кам-кам учрайдиган “кадрлар”дан деярли узлуксиз мониторингга айланганини кўрсатади. Оптик, радиолокацион ва сигнал-разведка сунъий йўлдошлари кўп қаватли орбитал гуруҳларда ишлаб, таҳлилчиларни доимий маълумот оқими билан таъминлайди, бу эса кўчишлар, қурилиш ишлари ва оператив фаолликни деярли юзага келиши биланоқ қайд этиш имконини беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид