Ўзбекистон | 00:47 / 01.07.2017
40770
6 дақиқада ўқилади

Нима учун "Камолот" фаолияти тугатилди?

Фото: «Kamolot.uz»

Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларни модернизация қилиш ва янгилаш жараёнлари янги босқичда жадал олиб борилмоқда. Ҳаёт талабларидан келиб чиқиб, юртимиздаги кўпгина давлат ва нодавлат ташкилотларининг фаолияти янада такомиллаштирилмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, нафақат ёшларимиз, балки бутун халқимиз тақдирига дахлдор бўлган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг бугунги куни ва эртанги истиқболи барчамизни ўйлантириши табиий. 30 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон Президенти шу масалага мурожаат қилди. 

"Сизларга яхши маълум, бундан 16 йил олдин, яъни, 2001 йилда ташкил этилган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ўтган давр мобайнида ёшлар ҳаётига кириб бориб, уларнинг маълум бир қисмини ўз атрофида бирлаштиришга, ўз Дастури ва Уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни имкон даражасида бажаришга ҳаракат қилиб келмоқда.

Айни вақтда таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, моҳият эътибори билан ёшларнинг ҳақиқий таянчи ва суянчи бўлиши зарур бўлган “Камолот” ҳаракати фаолиятида жиддий камчилик ва нуқсонлар кўзга ташланмоқда", - дейди давлат раҳбари. Қуйида ана шу камчиликлар санаб ўтилади:

Биринчидан, “Камолот” бутун Ўзбекистон ёшларини бирлаштирган, том маънодаги оммавий ҳаракатга айлана олмади. У асосан ўз атрофида Ҳаракат фаолиятига хайрихоҳ бўлган ёшларни уюштириб, фақат уларни қизиқтирган масалалар юзасидангина иш олиб борди.

Натижада ёшларнинг кенг қатламларига тааллуқли бўлган долзарб масалалар, аввало, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни катта мақсадлар сари сафарбар этиш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, қисқача айтганда, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўзини ҳақиқий ёшлар ташкилоти сифатида кўрсата олмади. Бунинг оқибатида уюшмаган, яъни, ишламайдиган, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган, салбий таъсирларга берилувчи ёшлар сони ортиб бормоқда.

Иккинчидан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи давлат ва жамият учун раҳбар кадрларни тайёрлаб берадиган ўзига хос марказ бўлиши, замонавий тилда айтадиган бўлсак, ёшлар учун “социал лифт” вазифасини бажариши керак. У билимли, ташаббускор ва ташкилотчи, фидойи ёш раҳбарларнинг кадрлар захирасини яратиши керак.

Шу мақсадда Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтини ташкил этиш зарур.

Учинчидан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг обрўси ва таъсирини ошириш учун мамлакатимизда ёшлар манфаатини таъминлашга қаратилган ишларда унинг иштирокини ҳар томонлама кенгайтириш зарур.

Ёшлар, ёш оилалар учун шахсий уй-жойга эга бўлиш нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини ҳисобга олган ҳолда, биз бу йўналишда бошлаган ишларимизни изчил давом эттиришимиз керак.

Барча туман ва шаҳарларда, жумладан, чекка ҳудудларда “Ёшлар уйлари”ни қуриш бўйича тўрт йиллик аниқ режа ишлаб чиқиш ва 2018 йилдан уни бажаришни бошлаш лозим.

Тўртинчидан, ёшларни иш билан таъминлаш масаласи биз учун ҳамон энг долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Бугунги кунда ёшлар учун янги иш ўринлари очиш, уларнинг ҳалол меҳнат қилиб, даромад топиши мақсадида кўп ишлар қилинмоқда. Лекин, шунга қарамасдан, бу борада муаммолар ҳам оз эмас.

Ёшларни иш билан таъминлаш учун аввало улар ўртасида тадбиркорликни кенг ривожлантириш, бу борада янги имкониятлар яратиш мақсадида биз бир қатор чора-тадбирларни кўзда тутмоқдамиз. Айни пайтда қўлига диплом олиб, мустақил иш бошлаётган ёшларимиз учун ҳам қўшимча имконият ва имтиёзлар яратиб берилади.

Бешинчидан, ёшлар ҳаёти, ўй-кечинмалари, орзу-ниятлари, энг муҳими, уларни қийнаётган масалалар, афсуски, радио ва телевидение, газета ва журналларда ўз ифодасини тўлиқ топмаяпти. Масалан, “Камолот” радиосини, “Камолот”нинг Интернет сайтини оладиган бўлсак, уларда ўтказилган юзаки тадбирлар, енгил-елпи қўшиқлар, ўзини ўзи мақташ, чиройли қиёфалардан бошқа нарсани деярли кўрмаймиз.

Олтинчидан, юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёшларни турли диний экстремистик оқимлар таъсиридан асраш масаласи барчамиз учун энг асосий вазифа бўлиб турибди. Мактабда, лицей-коллеж ёки маҳаллада бир бола адашиб, нотўғри йўлга кириб кетар экан, бундан аввало унинг тенгдошлари, ёшлар ташкилоти хабардор бўлиши, ҳеч кимни тинч қолдирмасдан, бонг уриши керак эмасми?

Бунинг учун бу масалани, яъни, ота-оналарнинг фарзандлар тарбияси учун масъулияти ва бурчини ҳуқуқий асосда мустаҳкамлаб қўйиш вақти келди, деб ўйлайман.

Еттинчидан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маънавий-ахлоқий жиҳатдан муаммоси бор, яъни нотинч оила фарзандлари, жиноятчиликка мойил бўлган ёки профилактик рўйхатда турадиган ёшлар билан индивидуал тарзда иш олиб боришга кўпроқ эътибор қаратиши лозим.

Иқтидорли, тарбияли болалар билан ишлаш осон, лекин ҳаётда қоқилган ёки ёмон муҳитга тушиб қолган ёшларни тўғри йўлга, эзгу мақсадга даъват қилиш, ишонтириш қийин. Янги ташкилот мана шу оғир, лекин ўта зарур вазифани ўз зиммасига олиши айни муддао бўлур эди.

Мавзуга оид