Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Яқин Шарқдаги уруш: АҚШ ва Эрон учувчиларни излади
Бир кунда икки самолёт
3 апрел куни Эрон ҳудудида АҚШнинг F-15E Strike Eagle русумли қирувчи-бомбардимончи самолёти ҳалокатга учради.
Эрондагилар уни ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари зарбаси орқали уриб туширганини маълум қилган.
Бу 28 феврал куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан буён илк бор шундай самолёт йўқотилиши бўлди.
Ижтимоий тармоқларда қулаган самолёт парчалари, шунингдек, учувчилардан бирининг ўриндиғи акс этган кадрлар пайдо бўлди. Бу эса учувчилардан камида биттаси муваффақиятли катапулта қилинганини англатарди.
АҚШ дарҳол қидирув-қутқарув амалиётини бошлади, ижтимоий тармоқларда Эроннинг Ҳузистон вилояти ҳудудида Американинг тўрт моторли ҳарбий-транспорт самолёти ҳамда унга ҳамроҳлик қилаётган иккита ҳарбий вертолёт акс этган видео ҳам тарқалди.
Бунга параллел равишда Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси кучлари ҳам учувчиларни қидиришга киришди. Эронлик бизнесменлар эса учувчини тирик топганлик учун 100 млрд риёл, яъни тахминан 60 минг доллар атрофида мукофот пули ваъда қилди. Тармоқларда юзлаб кишилар америкалик учувчи тушгани тахмин қилинган тоғли ҳудуд томон кетаётгани акс этган видеолар тарқалган.
3 апрел куниёқ Америка нашрлари учувчилардан бири топилганини хабар қилди. Тафсилотлар келтирилмади.
Бу орада Ҳўрмуз бўғози ҳудудида Американинг яна бир ҳарбий самолёти – A-10 Warthog русумли штурмчи самолёти ҳам қулади. Эрон томони ушбу самолётга ҳам зарба бергани ва у сувга қулаганини маълум қилди. АҚШдагилар эса учувчи самолётни Эрон ҳаво кенглигидан ташқарига олиб кетгани ва кейин муваффақиятли катапулта қилингани тўғрисида маълумот берди. Учувчи қутқарилган ва шифохонага олиб кетилган.
Маълум бўлишича, ушбу самолёт қулаган F-15 учувчиларини қидириш ишларига жалб этилганди.
CBS News телеканали Эрон кучлари қидирув амалиётида иштирок этаётган ва биринчи бўлиб қутқарилган учувчини олиб кетаётган вертолётлардан бирини ҳам ўққа тутгани ҳақида хабар қилган. Натижада экипаж аъзолари жароҳатлангани, аммо улар Эрон ҳудудини тарк этишга муваффақ бўлгани айтилган.
Тарихий амалиёт
5 апрелга ўтар кечаси АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон ҳудудида F-15 уриб туширилганини расман тасдиқлади ва қутқарув амалиёти муваффақиятли ўтказилгани, учувчиларнинг барчаси хавфсизликда эканини эълон қилди.
«Сўнгги бир неча соат давомида АҚШ қуролли кучлари мамлакат тарихидаги энг дадил қидирув-қутқарув операцияларидан бирини амалга ошириб, ажойиб офицерларимиздан бирини қутқарди», деб ёзди Трамп Truth ижтимоий тармоғида.
Унинг сўзларига кўра, қутқарув операциясида «дунёдаги энг ажалвор қуроллар билан жиҳозланган ўнлаб самолётлар» иштирок этган. Учувчи жароҳат олган бўлса-да, тирик, деди Трамп.
У АҚШ ҳарбийлари бундан олдинроқ уриб туширилган қирувчи самолётнинг бошқа учувчисини ҳам қутқарганини қўшимча қилган. Трампнинг сўзларига кўра, иккинчи учувчини қутқариш бўйича амалиётнинг боришига таъсир қилмаслиги учун бу маълумот ҳақида расман эълон қилинмаганди. Америка президенти бу «америкалик икки учувчи душман ҳудуди ичкарисида алоҳида амалиётлар орқали қутқарилиши билан боғлиқ тарихдаги илк ҳолат» эканини қайд этган. Қутқарув амалиёти чоғида америкалик ҳарбийлардан ҳеч бири жароҳатланмагани таъкидланган.
The New York Times нашри қирувчи экипажи аъзолари қутқарилишини америкалик ва эронлик ҳарбийлар ўртасидаги «икки кунлик ҳаёт-мамот пойгаси» деб атаган. Америкалик иккинчи учувчи 24 соатдан ортиқ вақт мобайнида тоғ-у тошлар орасида эронлик ҳарбийлардан яшириниб ётган, унинг ёнида фақат тўппонча бўлган. Унинг қаердалигини америкаликлар ҳам, эронликлар ҳам олдиндан билишмаган. NYT маълумотига кўра, Марказий разведка бошқармаси Эрондагиларни чалғитиш учун учувчи қутқарилгани тўғрисида ёлғон маълумот тарқатган. Кўп ўтмай МРБ ҳарбийнинг жойлашувини аниқлаган ва бу маълумотни Пентагонга етказган, дейди газета манбалари.
Зобитни қутқариш бўйича амалиётда махсус топшириқли бўлинмаларнинг юзлаб жангчилари ҳамда бошқа ҳарбий хизматчилар, шунингдек, Американинг ўнлаб жанговар самолётлари ва вертолётлари иштирок этган. NYT суҳбатдошининг сўзларига кўра, Американинг штурмчи самолётлари Эрон отрядларини учувчи яширинган ҳудудга яқинлаштирмаслик мақсадида ўт очган.
Ўз навбатида, Эрондагилар АҚШ томонининг муваффақиятли амалиёт бўйича баёнотларини рад этмоқда. Хусусан, «Ҳотам ал-Анбиё» қўмондонлик марказий штаби расмийси Иброҳим Зулфиқорий АҚШ қутқарув амалиёти учун юборилган самолёт ва вертолётлар йўқ қилинганини айтган. Аввалроқ Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси уриб туширилган F-15 учувчиларидан бири асир олингани ҳақида хабар тарқатганди.
Эрондагилар қидирув-қутқарув амалиёти вақтида йўқ қилинган НН-130J русумли ҳарбий-транспорт самолёти парчаларини намойиш этган. Америка нашрлари эса бу самолёт уриб туширилмагани, балки ҳавога кўтарила олмагани туфайли америкалик ҳарбийлар томонидан йўқ қилинганини ёзмоқда.
Саккиз йўқотиш
АҚШ Эронга қарши уруш бошланганидан буён ҳозиргача камида саккизта самолётини йўқотди.
F-15, A-10 ва НН-130J самолётлари билан боғлиқ ҳолатлардан кейин АҚШ авиацияси йўқотишлари сони ортди.
Бунгача Эронга қарши урушнинг илк кунларида, 2 март куни Кувайтда F-15 русумли учта самолёт ҳалокатга учраганди. Бу самолётларни Кувайт ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Эрон ҳужумини қайтариш чоғида хатолик туфайли уриб туширганди. Учувчиларнинг барчаси муваффақиятли катапултани амалга оширган ва аллақачон сафга қайтган.
12 март куни Ироқда KC-135 русумли ёқилғи қуювчи самолёт қулади ва унинг бортидаги 6 киши ҳалок бўлди. Бу йўқотиш ҳам душман ҳужуми оқибатида эмас, худди шу русумдаги бошқа самолёт билан урилиб кетиш оқибатида рўй берган.
27 март куни эса Эрон Саудия Арабистонидаги «Шаҳзода Султон» авиабазасига дронлар ҳужумини амалга оширгач, E-3 Sentry русумли разведкачи самолёт ёниб кетди.
Шунингдек, ОАВда F-35 русумли самолёт Эрон зарбасига учрагани ва авариявий қўнишни амалга оширгани ҳақида хабарлар бор.
Мавзуга оид
22:44 / 06.04.2026
АҚШдан депортация қилинган мигрантларни Конго ДР қабул қилади
21:14 / 06.04.2026
Эрон вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш таклифини рад этди
20:10 / 06.04.2026
Полковникни қутқариш. Америкалик учувчини Эрондан олиб чиқиш амалиёти тафсилотлари
18:21 / 06.04.2026