Ўзбекистон | 22:03 / 27.10.2021
10621
4 дақиқада ўқилади

Хатирчида мактаб таъмири чала қолди. Ўқувчилар совуқ хоналарда таълим оляпти

Навоий вилояти Хатирчи туманидаги 45-умумтаълим мактаби жорий йил инвестиция дастури асосида мукаммал таъмирлашга тушган эди. 15 август куни фойдаланишга топширилиши керак бўлган мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳалигача якунига етказилмай, чала ҳолда ташлаб қўйилган.

Ўқувчилар совуқ синф хоналарида таълим олишга мажбур бўлишяпти.

Фото: KUN.UZ

Мактабнинг 2 та ўқув биноси бўлиб, бирининг қурилганига 45 йил, иккинчисиникига эса қарийб 55 йил бўлган. Бу даврда мактаб биноси бир неча марта жорий таъмирланган. 2021 йилда эса ҳудуддаги ота-оналарнинг мурожаати билан мактаб мукаммал таъмирлаш учун инвестиция дастурига киритилган ҳамда бунинг учун 4 млрд сўмдан ортиқроқ маблағ ажратилган.

Қурилиш-таъмирлаш ишлари “Сухроб Мизроб Тилло” МЧЖ томонидан апрель ойида бошланган. Режага кўра, мактаб 15 августда фойдаланишга топширилиши керак эди. Бироқ қурилиш фирмаси томонидан ишлар якунига етказилмай, чала ҳолда ташлаб қўйилди.

Айни вақтда мактабда на иссиқлик тизими ишлайди, на ичимлик суви бор. Кўплаб синф хоналари ҳамда спорт залда таъмирлаш ишлари якунига етказилмаган.

Қурилиш ишлари сифатсиз бажарилди, кўп жойлари эса охирига етказилмади, чала қолиб кетди. Бу борада бир неча маротаба вилоят ва туман ҳокимликларига, бошқа тегишли органларга мурожаат қилдик. Лекин мурожаатларимиз натижасиз қолди, ҳеч қандай муносабат билдирилмади.

Ҳозир қурилиш-таъмирлаш ишлари давом эттирилаётгани ҳам йўқ, деярли тўхтаб қолган. Ҳадемай қиш келади. Иссиқлик тизими уланмаган, синф хоналари совуқ. Синф хоналарининг кўпчилиги тайёр ҳам эмас. Бажарилган қурилиш-таъмирлаш ишларининг кўпчилиги бугунги кун талабига жавоб бермайди”, – дейди мактаб ходими Исроил Холбоев.

Мактабда қурилиш ишларини олиб борган “Сухроб Мизроб Тилло” МЧЖ иш юритувчиси Ибод Ҳайитов иш ўз вақтида якунланмаганини белгиланган режадан ташқари қўшимча ишлар қўшилгани билан изоҳлади.

Май ойида иш бошлаганмиз. 15 августда топширишимиз керак эди. Айрим сабабларга кўра, яъни белгиланган режадан ортиқча қўшимча ишлар қўшилганлиги учун кечикдик. Энди узоғи билан 10 кунда барча ишларни якунлаб, иссиқлик тизимини улаб берамиз”, – дея таъкидлади Ибод Ҳайитов.

“Сухроб Мизроб Тилло” МЧЖ раҳбари Самад Худойбердиев ҳам вилоят ҳокимлиги масъуллари томонидан лойиҳадан ташқари иш буюрилгани, жумладан, мактаб атрофини темир панжара билан ўраш улар учун қўшимча иш бўлганини, қурилиш ишлари тез кунларда якунланишини айтиб ўтди.

Kun.uz ҳолатни 20 октябрь куни ўрганган эди. Орадан 6 кун ўтиб, 26 октябрь куни Kun.uz билан телефон орқали боғланган мактаб ходимларидан бири қурилиш ишларида ҳамон ўзгариш қилинмаганини маълум қилди.

Kun.uz қурилиш объекти буюртмачиси бўлган Навоий вилояти ҳокимлиги капитал қурилиш инжиниринг компанияси раҳбари Алишер Турдиев билан ҳам телефон орқали боғланди. Алишер Турдиевга кўра, қурилишга ажратилган маблағнинг маълум қисми яқинда ҳал бўлган ҳамда ҳафта охирига қадар мактабда ишлар тўлиқ якунига етказилади.

Тегишли масъуллар ва буюртмачи мазкур ҳолатни назоратга олиши зарур. Чунки кунлар совиб бормоқда. Ишлар якунига етказилмаса, мазкур мактабда ўқувчиларнинг таълим олиши имконсиз бўлиб қолади.

Руслан Сабуров,

Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид