Ўзбекистон | 00:59 / 22.01.2020
58263
6 дақиқада ўқилади

Мактаб битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ва ОТМга кириш имтиҳонлари унификация қилиниши мумкин

Фото: KUN.UZ

2020 йилда таълим соҳасида амалга оширилиши зарур бўлган долзарб масалалар, белгиланган мақсадли кўрсаткичлар ва ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича режалаштирилган ишларнинг «йўл харитаси» тасдиқланди.

«Йўл харитаси»да амалга ошириш белгиланган асосий масалалар ичида Таълим сифатини ошириш, ўқув дастурлари ва адабиётларни такомиллаштириш ҳам бор. Унга кўра, дарсликлар қайта кўриб чиқилади, умумтаълим фанларига мос халқаро сертификатлар реестри шакллантирилади, ўзбек тили ва математика фанлари бўйича махсус имтиҳон методикаси ишлаб чиқилади, умумтаълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари унификация қилиниши ҳам мумкин.

Мазкур масала бўйича амалга оширилиши белгиланган барча чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:

1. Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини халқаро стандартларга мослаштириш.

2020 йил 15 январгача:

  • мазмун жиҳатдан бир-бирига яқин мутахассисликларни бирлаштириш;
  • магистратура мутахассисликларини йириклаштириш;
  • илмий фаолиятни тор соҳалар бўйича амалга ошириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш.

2020 йил 1 апрелгача:

  • амалдаги олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторини халқаро стандартларга мослаш.

2. Профессионал таълим тизимини такомиллаштиришда вазирлик ва идораларнинг Миллий квалификация тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишларини жадаллаштириш.

  • 2020 йил январь ойида — иқтисодиётнинг барча тармоқлари учун Квалификацион рамкаларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
  • 2020 йил 15 мартгача — миллий профессионал стандартларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
  • 2020 йил 1 июнгача — миллий профессионал стандартларга мувофиқ, бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими учун таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

3. Фан дастурларининг мазмун-моҳияти, мавзуларнинг мантиқий кетма-кетлиги ва узвийлигини таъминлаш ҳамда ўқувчи ва талабаларда шаклланиши зарур бўладиган билим ва кўникмалар даражасини аниқ белгилаш.

  • 2020 йил 15 январгача — тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, олимлар ва мутахассислардан иборат консультатив органни ташкил этиш, унинг 2020 йил учун иш режасини тасдиқлаш;
  • 2020 йил 1 июнгача — таълимнинг барча босқичларидаги фан дастурларини таҳлил қилиш ва уларнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш.

4. Мактаб, академик лицей, профессионал ва олий таълим муассасаларида фойдаланиб келинаётган дарсликларни янгитдан ишлаб чиқиладиган фан дастурларига мувофиқлаштириш.

  • 2020 йил 1 июнгача — такомиллаштирилган фан дастурларидан келиб чиқиб, ҳар бир тизим кесимида янги дарсликларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш;
  • 2020 йил 15 августгача — қайта ишланган дастурлардан келиб чиқиб, дарсликларни тайёрлаш бўйича 2021–2025 йилларга мўлжалланган дастур ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

5. Хорижий тиллар каби бошқа фанлардан ҳам миллий ва халқаро сертификатларни жорий этган ҳолда, абитуриентларни олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонидан озод қилиш механизмини босқичма-босқич бошқа умумтаълим фанларига татбиқ этиш.

  • 2020 йил 1 февралгача — умумтаълим фанларига мос халқаро сертификатлар реестрини шакллантириш;
  • 2020 йил 1 майгача — ўзбек тили ва математика фанлари бўйича махсус имтиҳон методикасини ишлаб чиқиш;
  • 2020 йил май-сентябрь ойлари оралиғида — ўзбек тили ва математика фанлари бўйича махсус имтиҳонни синовдан ўтказиш;
  • 2020 йил 10 сентябргача — синов натижаларидан келиб чиқиб, 2021/2022 ўқув йилидан мазкур имтиҳонларни жорий этиш масаласи юзасидан таклифларни Президент Администрациясига киритиш.

6. Илғор хорижий тажрибалардан келиб чиқиб (ЕГЭ — Россия Федерацияси, SAT — АҚШ, GCSE — Буюк Британия дастурлари мисолида), умумтаълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини унификация қилиш.

  • 2020 йил 15 январгача — тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, маҳаллий ва хориж мутахассисларидан иборат махсус эксперлар гуруҳини ташкил қилиш;
  • 2020 йил 1 апрелгача — якуний давлат аттестацияси ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини бирлаштириб, ягона тест синовларини ўтказиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • 2020 йил 1 июнгача — таклифларнинг жамоатчилик ва экспертлар томонидан муҳокамасини ташкил қилиш;
  • 2020 йил 1 июлгача — имтиҳонларни унификация қилиш юзасидан таклифларни Президент Администрациясига киритиш.

7. Халқаро баҳолаш PISA-2021 (The Programme for International Student Assessment) тадқиқотларига мактаб ўқувчиларининг тайёргарлик даражасини ошириш.

  • 2020 йил 1 мартгача — PISA халқаро баҳолаш тадқиқотларини ўтказиш дастури асосида маҳаллий компьютер дастури ва онлайн тренажёрларни яратиш;
  • 2020 йил 1 апрелгача — PISA халқаро баҳолаш тадқиқотларида фойдаланилган ва маҳаллий экспертлар томонидан яратилган савол ва топшириқларни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси веб-сайтига жойлаштириш;
  • 2020 йил 1 майгача — PISA халқаро баҳолаш тадқиқотларига тайёргарлик бўйича компьютер дастури ва тренажёрдан фойдаланиш бўйича ўқитувчилар учун каскад усулида семинар-тренинглар ташкил этиш;
  • 2020 йил декабргача — 7–9-синф ўқувчиларини ушбу дастурларда малака ва кўникмаларини оширишга жалб этиш.

8. Халқаро PISA тадқиқоти доирасида умумтаълим муассасалари ўқувчиларининг саводхонлигини баҳолашга қаратилган тажриба синовларини (Field trial) ўтказиш.

  • 2020 йил 1 мартгача — PISA дастури координаторлари томонидан танлаб олинган мактабларни тадқиқот талабларига мувофиқ тайёрлаш;
  • 2020 йил 1 майгача — Халқаро тадқиқотларни ўтказишга оид йўриқномаларни ишлаб чиқиш ва танланган мактабларга етказиш;
  • 2020 йил 1 июлгача — танланган мактабларда тажриба синовларини (Field trial ) ўтказиш.

Мавзуга оид