БМТ бош котиби мустақил ОАВни таъқиблардан ҳимоя қилишга чақирди
БМТ бош котиби Пан Ги Мун ташкилотга аъзо давлатлар ҳукуматларига мурожаат қилиб, уларни мустақил оммавий ахборот воситаларини турли кўринишдаги таъқиблардан ҳимоя қилишга ҳамда уларнинг фаолияти учун "эркин, мустақил ва хавфсиз шароитларни" яратишга ундади. Пан Ги Мун Бутунжаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан қилган ёзма мурожаатида инсонларнинг янгиликларга бўлган хуқуқларини таъминлашда керак бўлса ўз жонларини аямайдиган журналистларнинг қадрига етиш лозимлигини таъкидлаган.
У айрим давлатларда ОАВ ходимлари дуч келаётган чекловлардан ташвишда эканини билдирган.
"Уларнинг кўпчилиги молиявий қонунбузарликлар, давлат бошқарувидаги камчиликлар ҳамда ижтимоий муаммоларни ёритгани учунгина қамоқда сақланмоқда", - деб баёнот берган БМТ бош котиби.
"Бутунжаҳон матбуот эркинлиги кунида, мен барча ҳукуматлар, сиёсатчилар, компания ва фуқароларни мустақил, эркин ОАВни муҳофаза қилиш ишига ўзларини бағишлашга ва улар ҳақида қайғуришга чақираман", - деган Пан Ги Мун.
Шу билан бирга, бош котиб журналистлардан 2015 йил сентябрида қабул қилинган, жаҳон ҳамжамияти олдида турган долзарб масалалар, хусусан очарчилик ва қашшоқликка қарши курашни ўз ичига олувчи БМТ Тараққиёт дастурини кенг тарғиб қилишда ёрдам беришларини сўраган.
БМТ Бош Ассамблеяси 1993 йилда Бутунжаҳон матбуот эркинлиги кунини эълон қилган ва у ҳар йили 3 май куни нишонланади. Ушбу ташаббусни 1991 йилда мустақил матбуотни қўллаб-қувватлашга қаратилган Виндхук декларациясини қабул қилган Африка журналистлари илгари суришган эди.
Швейцариянинг Press Emblem Campaign ноҳукумат ташкилотининг маълумотларига кўра, 2015 йилда дунёнинг турли нуқталарида 135 нафар журналист ўлдирилган. Шу йилнинг бошидан бери ОАВнинг 40 ходими зўравонлик қурбони бўлишди. Журналистлар учун энг хавотирли ҳудудлар сифатида Ироқ, Яман, Ливия, Сурия ва Сомали давлатлари эътироф этилган.
Мавзуга оид
16:46 / 26.08.2024
Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди
07:45 / 07.08.2024
Bloomberg Гершкович ҳақидаги материалдан кейин мухбирни ишдан бўшатди
23:13 / 17.07.2024
«Сўнгги вақтларда фейк ва дезинформацияларнинг сони ортиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз» — Комил Алламжонов
22:02 / 27.06.2024