Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бокуда саккиз нафар Россия фуқароси қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Озарбойжон пойтахти Бокуда суд саккиз нафар Россия фуқаросини наркотиклар транзити, уларни тарқатиш ва киберфирибгарлик билан боғлиқ айбловлар бўйича турли муддатларга озодликдан маҳрум қилди. Ҳукм Россия ва Озарбойжон ўртасидаги муносабатлар таранглашган бир пайтда чиқарилди.
ОАВ маълумотларига кўра, суд қарори билан Сергей Софронов, Антон Драчев, Дмитрий Безуглий ва Валерий Дулов ҳар бири тўрт йилдан озодликдан маҳрум этилди. Дмитрий Фёдоров, Борис Тимошов, Алексей Василченко ва Иля Безуглий эса уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Маҳкумлар Эрондан наркотик моддаларни транзит қилиш ва тарқатиш, шунингдек, киберфирибгарлик жиноятларини содир этишда айбланган.
Маҳкумлардан бирининг қариндоши маълум қилишича, бу биринчи инстанция судининг қарори ҳисобланади ва ҳозирча ҳимоя томонининг кейинги ҳаракатлари бўйича аниқ қарор қабул қилинмаган.
Унинг сўзларига кўра, маҳкумлар ҳукм устидан шикоят қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бироқ апелляция бериш жараёни ишни янада чўзиши мумкинлиги ҳам қайд этилган.
“Агентство” нашрининг ёзишича, айрим айбланувчилар ўзларига ва яқинларига нисбатан таҳдидлар бўлганини билдириб, наркотик воситаларни сотиб олганлик ҳақида ёлғон кўрсатмалар беришга мажбурланганини айтган. Бу иддаолар бўйича расмий тасдиқ берилмаган.
Россияликлар устидан суд жараёни 2026 йил 3 апрелдан буён давом этиб келаётган эди. Илк ҳукмлар апрел ойида чиқарилган. Хусусан, Екатеринбургда туғилган Александр Вайсеро жиноий йўл билан олинган маблағларни легаллаштириш айби билан тўрт йилга қамалган. Май ойида эса россияликлар Игор Заболотских ва Илнур Валитов уч йилдан озодликдан маҳрум этилган.
Кузатувчилар мазкур ишларни Россия ва Озарбойжон ўртасидаги муносабатларда юзага келган навбатдаги таранглик фонида баҳоламоқда.
Икки давлат ўртасидаги дипломатик инқироз 2024 йил декабрида AZAL авиакомпанияси самолёти ҳалокатидан кейин бошланган. Вазият 2025 йил ёзида Екатеринбург шаҳрида Озарбойжон диаспораси вакилларининг оммавий равишда ҳибсга олиниши ортидан янада кескинлашган.
Ўша вақтда ҳибсга олинган ака-ука Ҳусейн ва Зиёддин Сафаровлар қамоқда вафот этган. Озарбойжон Бош прокуратураси бу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатиб, уларнинг ўлимида Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини айблаган.
Кейинчалик Озарбойжон суд-тиббий экспертизаси марҳумларда кўплаб оғир тан жароҳатлари аниқланганини маълум қилди.
Шу билан бирга, 2026 йил апрел ойида Екатеринбург суди Уралдаги Озарбойжон диаспорасининг собиқ раҳбари Шаҳин Шихлинскини қотиллик ва бошқа жиноятлар бўйича айбдор деб топиб, 24 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.
Таҳлилчилар фикрича, Бокуда россияликларга нисбатан чиқарилган сўнгги ҳукмлар икки давлат ўртасидаги муносабатлардаги мураккаб вазиятни яна бир бор намоён қилди.
Мавзуга оид
08:55
ОАВ: Уиткофф Эрон билан музокаралар учун Швейцарияга йўл олди
22:39 / 19.06.2026
Тушунарсиз келишув: Теҳрон уни «Америка устидан ғалаба» деб талқин қилмоқда
22:13 / 19.06.2026
Зеленский Лукашенкога ультиматум қўйди ва уни бажариш учун бир ҳафта муҳлат берди
21:38 / 19.06.2026