ОАВ: АҚШ молиялаштираётганига қарамай Афғонистондаги ҳарбийларга оёқ кийимлари етишмаяпти
Афғонистон хавфсизлик хизматини АҚШ миллиардлаб долларлар билан молиялаштираётганига қарамасдан, афғонистонлик ҳарбийларни оёқ кийимлари билан тўлиқ таъминлаб бўлмаяпти. Бу ҳақда Washington Post хабар берган.
Кейинги 14 йил давомида АҚШ томонидан Афғонистон ҳарбийлари учун 68 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратилган, лекин ўтган йиллар давомида ҳарбийларнинг кийим-кечак билан таъминланишида етишмовчиликлар кузатилган.
Газетанинг ёзишича, мамлакатда коррупция кенг кўламда урчиб кетгани туфайли АҚШ бошчилигидаги коалиция раҳбарлари Афғонистон армияси ва миллий полицияга формалар ва оёқ кийимлар сотиб олинишини ҳамда етказиб берилишини ўз назоратига олишга мажбур бўлган.
Айни вақтда коалиция қуруқлик ва ҳаво орқали афғонистонлик ҳарбий хизматчиларга миллион жуфтдан ортиқ оёқ кийим етказиб беришга ҳаракат қилмоқда. Манбанинг маълумотига кўра, 2014 йилда қилинган буюртмалар 2 йил ўтибгина етказиб берилмоқда.
Нашрда қайд этилишича, коалиция ҳар жуфт оёқ кийим учун ўртача 75-90 доллар сарфлайди. 30 сентябрда якунланадиган жорий молия йилида бу мақсад учун жами 100 миллион доллар харажат қилиш режалаштирилган. Кейинги молия йилида эса коалиция афғонистонлик ҳарбийларга оёқ кийимлар, либослар ва бошқа зарур анжомлар етказиб бериш учун 215 миллион доллар ажратиши кутилмоқда.
НАТО бошчилигидаги коалициянинг Афғонистондаги миссияси 2014 йилнинг 31 декабрида якунланганди. 1 январдан бошлаб альянс мамлакат ҳудудида ноҳарбий мақсадларда 12 минг кишидан иборат ҳарбий хизматчисини қолдирган. Бу ҳарбийлар маҳаллий ҳарбийларга билим бериш ва ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш билан шуғулланади.
Мавзуга оид
23:24 / 13.11.2024
Россия ҳукумати яраланган ҳарбийлар учун тўлов тизимини ўзгартирди
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
14:12 / 06.11.2024