Спорт | 20:08 / 06.05.2016
9329
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Коннор Макгрегор ва Флойд Мэйуэзер жанги учун миллиард долларлик шартнома тузилиши мумкин

Аралаш қоидалар бўйича ярим енгил вазн тоифасида UFC чемпиони, ирландиялик жангчи Коннор Макгрегор ва америкалик боксчи, ўтган йилнинг сентябрида фаолиятини якунлаган Флойд Мэйуэзер ўртасида жанг ўтказилиши мумкин. The Sun хабарига кўра, томонларга 1 миллиард доллар гонорар тўланиши мумкин.

Хабарда айтилишича, томонлар гонорар масаласида келишиб олиши эвазига жанг ташкиллаштирилиши мумкин. Бу ҳақда якуний қарор яқин вақтлар ичида маълум қилиниши кутилмоқда.

Қайд этилишича, жангни ўтказиш бўйича 2 май куни бир тўхтамга келинган, жангнинг шу йил ичида Лас-Вегасда ўтказилиши белгиланган.

Қайд этилишича, америкалик боксчини ирланднинг сўзлари дарғазаб қилган. Охирги интервьюларидан бирида Макгрегор Мейуэзерни 30 сония ичида "ағдариб ташлаши" ҳақида айтганди. Энди боксчи уни бу сўзлари учун "янчиб ташламоқчи".

Ундан олдинроқ, Мэйуэзер Макгрегорни ирқчиликда ва ортиқча сўзларни гапиришда айблаганди.

"У жуда кўп ифлос сўзлар айтади ва бу билан мақтанади. Мен шундай қилганимда кўп танқидга учрардим", деган 30 ёшли боксчи.

2015 йилнинг сентябрида у Андре Бертони енгиб, 39 ёшида енгилмас боксчи сифатида (49 жанг, 49 ғалаба, шундан 26таси нокаут билан) бокччиликни тарк этганди. У барча 5 тоифа бўйича жаҳон чемпиони бўлган. У шунингдек, 1996 йилги Олимпиада ўйинларида бронза медаль олган.

Мэйуэзер - спорт тарихида энг юқори миқдордаги гонорар (телетрансляциялар ва чипталар сотуви ҳисобига) олган спортчи ҳисобланади. У 2015 йилнинг июнида Forbes журналининг йил давомида энг кўп иш ҳақи ишлаган кишилари рўйхатини бошқарганди (300 млн доллар). У филиппинлик Мэнни Пакьяо билан май ойида ўтказилган жангда очколар эвазига енгиш орқали 220 млн долларга яқин гонорар олганди.

Бироз олдинроқ, у профессионал рингга қайтиши мумкинлигига шаъма қилганди.

Конор Макгрегор ҳам бироз олдинроқ ўз профессионал фаолиятини якунлаган бўлишига қарамасдан UFC 200 турнирида иштирок этиши ҳақида маълум қилганди.

5 март куни ўтказилган жангда Диас жаҳон чемпиони МакГрегорни муддатидан аввал мағлуб этганди. Лекин ўша жанг чемпионлик камари учун кечмаганди.

Невада штати атлетик комиссияси маълумотига кўра, биринчи жанг трансляциялари, ҳомийлик тўловлари ва бонусларидан Макгрегор 1 млн доллар олган. У шу спорт тури тарихидаги энг катта маош олган спортчига айланган. Бундан олдинги энг яхши кўрсаткич, бразилиялик Андрес Силвага тегишли бўлган, у 2015 йилда Ник Диас билан жанги учун 800 минг доллар олганди.Ирландиялик спортчи шу вақтгача 19 ғалаба ва 3 мағлубият қайд этган. 30 ёшли Диаснинг ҳисобида эса 19 ғалаба ва 10 мағлубият бор.

Мавзуга оид